2020 йил 13-14 октябрь кунлари ЕХҲТнинг инсон ўлчови соҳасидаги халқаро мажбуриятлар ва стандартларида назарда тутилган дин ёки эътиқод эркинлигига бўлган ҳуқуқнинг моҳияти, мавқеи ва қўлланиш соҳаси тўғрисидаги тақдимотга бағишланган видеомулоқот, шунингдек ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг “Дин ёки эътиқод эркинлиги ва хавфсизлик: Сиёсий масалалар бўйича қўлланма” ҳужжати бўйича онлайн брифинг бўлиб ўтди.

Тақдимот Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда ЕХҲТ ДИИҲБ ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари Координатори билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир давомида мамлакатимизда виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши, диний ташкилотлар фаолияти ва уларнинг ривожланиши учун зарур меъёрий-ҳуқуқий база яратилганлиги таъкидланди. Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари камситилишининг олдини олишга, барча фуқароларга тенг имкониятлар яратишга қаратилган қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилингани ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари дин ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига оид халқаро стандартларни, уларнинг асосий параметрларини ва халқаро ҳуқуққа мувофиқ бу борада йўл қўйиладиган чекловларини батафсил кўриб чиқдилар.

Тадбирларда Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р. Алимов ва Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисининг ўринбосари Ш.Чуллиев иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати