Юртимизда диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўлмоқда. Буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш, уларни чуқур тадқиқ этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. 

           Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби илм-маърифат масканларининг ташкил этилганлиги мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

          Юртимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, ушбу марказлар томонидан диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар, илмий-тадқиқотлар, таржималар билан танишиш ва уларни кенг халқ оммасига етказиш мақсадида номлари келтирилган илму ирфон ва зиё масканларида ўқув-семинарлар ташкил қилинмоқда. 

          Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида сурхондарёлик иқтидорли имом-хатиблар иштирокида танишув дарслари бўлиб ўтди.

          Диний соҳа ходимларига марказнинг ислом дунёсида тутган ўрни, Имом Термизий, Ҳаким Термизий ва бошқа термизийларнинг бой маънавий-илмий меросларининг калом, тафсир, тасаввуф ва ҳадис илмлари ривожидаги оламшумул ҳиссаси, марказнинг хорижий ва маҳаллий илмий марказлари билан халқаро ҳамкорлиги, марказ илмий ходимлари томонидан таржима қилинган илмий ва оммабоп нашрлар ва уларнинг ҳозирги кундаги аҳамияти хусусида маърузалар қилинди. 

         Имом-хатиблар марказ ходимларига яратилган шарт-шароитлар ҳамда кутубхона фондидан ўрин олган илмий асарлар билан яқиндан танишди. Танишув дарси барча имом-хатибларда ижобий таасурот қолдирди. 

 

                                                                            

                      Дик  матбуот хизмати.