Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда давлат тили бўйича имтиҳондан ўтилади

        Ҳукумат қарори билан (592-сон, 28.09.2020 й.) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

        Низомга мувофиқ, Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази (Марказ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов асосида амалга оширилади.

        Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш ёки вақтинча турар жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

       Бунинг учун талабгор синов имтиҳонида қатнашиш учун ариза билан Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига шахсан ўзи ёхуд электрон шаклда мурожаат этади.

  Шунга кўра, синов имтиҳони ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг 1 ой муддатда тест, ёзма ёки оғзаки шаклларда ўтказилади.

         Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизи (50 балл)дан кам балл олган талабгорлар синов имтиҳонидан ўтмаган ҳисобланади ҳамда синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида 1 ойдан кейин қайта қатнашиш учун ариза билан мурожаат қилади (қайта тўловни амалга оширган ҳолда).

        Синов имтиҳонлари натижалари 3 кун муддатда эълон қилинади.

       Синов имтиҳонини топшириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида (44 600 сўм) тўлов тўланади.

       Синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади ва у муддатсиз амал қилади.

                                                                                                                           ДИҚ Ахборот хизмати