Аввал хабар берганимиздек, Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан юртимиздаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттиради.

Шу ўринда, “Барча диний ташкилотлар” деганда юртимиздаги барча дин вакилларига тегишли ибодат масканлари назарда тутилганини эслатиб ўтиш лозим. Бунга масжидлар, черковлар, синагогалар ва бошқалар киради.

Айни дамда ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган айрим саволлар ва мулоҳазаларга ойдинлик киритиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз.

Биринчидан, масжидларда кунлик беш маҳал намоз, черков, синагога ва бошқа ибодат масканларида ҳар кунлик ибодатлар тўлиқ бажарилади.

Иккинчидан, масжидларда жума намози, черков ва синагогаларда бажариладиган шанба ва якшанба кунидаги оммавий ибодат маросимлари Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ вақтинча тўхтатиб турилади.

Муҳтарам юртдошлар, белгиланган карантин тартиб-қоидаларига амал қилайлик. Ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асраб-авайлайлик!

Дин ишлари бўйича қўмита 
Матбуот хизмати