Республика махсус комиссиясининг қарори билан шу йил 17 август, душанба кунидан эътиборан юртимиздаги барча диний ташкилотлар ўз фаолиятини давом эттиради.

Жумладан, республикадаги барча масжидлар, черковлар, синагога ва бошқа ибодат масканлари ўз фаолиятини бошлайди. Бунда карантин талаблари ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Бу ҳақида Республика махсус комиссиясининг қарорида шундай дейилади: «Махсус комиссия қарори билан 17 августдан бошлаб диний ташкилотлар фаолиятига (ҳар куни дезинфекция ишларини амалга ошириш ҳамда қатъий ижтимоий масофани сақлаш чекловларига риоя этилишини таъминлаган ҳолда) рухсат берилади.
Бунда, диний ташкилотларда жума ва шанба-якшанбалик диний хизматларни вақтинчалик амалга оширмаслик талаб этилади».

Муҳтарам юртдошлар, мазкур белгиланган карантин тартиб-қоидаларига амал қилайлик. Синовли кунларда ўзимиз, яқинларимиз, халқимиз саломатлигини асраб-авайлайлик.
Коронавирус хасталигини жиловлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларга ўзаро ҳамжиҳат бўлайлик!

Дин ишлари бўйича қўмита 
Матбуот хизмати