Аввал хабар қилганимиздек, “ABSOLUTE BUSINESS TRADE” хусусий корхонаси 2-Миробод кўчаси, 13, 15 ва 17-уйларни бузиш ҳисобига етказилган зарарни ўрнатилган тартибда қоплаш мақсадида Тошкент шаҳар Европа яҳудийлари диний жамоаси билан келишувга эришолмаганлиги сабабли Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган эди.
Суд мажлиси бугун, 05 август санасида бўлиб ўтди.

Судда томонларнинг фикр-мулоҳазалари тўлиқ тингланди. “ABSOLUTE BUSINESS TRADE” хусусий корхонаси Тошкент шаҳар Европа яҳудийлари диний жамоасига қарашли ер майдонига эгалик қилиш бўйича киритган даъво аризасини қайтариб олди. Шунга кўра, Тошкент шаҳар Европа яҳудийлари диний жамоасига тегишли синагога биноси бузилишига йўл қўйилмасликка эришилди.

Шу ўринда, судда Ўзбекистон Республикаси кўп конфессияли давлат экани, қолаверса ҳар қандай конфессия вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари тўлиқ қонун билан ҳимоя қилиниши, ҳуқуқий жиҳатдан мулкчиликка эгалик қилиш бўйича диний ташкилотнинг ҳақ-ҳуқуқлари сўзсиз таъминланиши, бир сўз билан айтганда, масала қонуний ҳал қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. 

Эслатиб ўтамиз, Дин ишлари бўйича қўмита республикада дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул асосий давлат ташкилоти сифатида юртимиз ҳудудида фаолият олиб бораётган ҳар бир конфессиянинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун доирасида ҳимоя қилади.
Ушбу ҳолат юзасидан ҳам тегишли соҳа мутахассислари билан мунтазам равишда мулоқотлар ташкил этилди, воқеълик тўлиқ ўрганиб чиқилиб, синагога биносини сақлаб қолиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар билан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилди ҳамда масаланинг қонуний ҳал қилинишига эришилди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати