Бугун, 8 июль куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Мевазор” жоме масжиди янги биноси бунёд этилиши муносабати билан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовлар ташриф буюрдилар.

– Бугунги замон талабларига тўла жавоб берадиган масжид барпо этилди, – дейди масжид имом-хатиби Раҳимжон Марҳумов. – Бунинг учун Президентимиз бошчилигидаги барча раҳбарларга, унинг қурилишига ҳисса қўшганларга ташаккур билдирамиз.

Таъкидлаш керакки, авваллари “Мевазор” маҳаллий масжиди 120 кишига мўлжалланган кичкина бир хонақоҳ ва уч кишига мўлжалланган таҳоратхонадан иборат эди. Сўнгги йилларда намозхонлар кўпайиб, масжид ибодатчилар учун торлик қилиб қолган эди.

Қуриб битказилган масжид 1500 нафар намозхонга мўлжалланган бўлиб, бу ерда барча шароитлар бекаму кўст адо этилган. Масжидда битта минора қад ростлаган бўлиб, унинг узунлиги 30 метрни ташкил этади. Шунингдек,
30 кишига мўлжалланган таҳоратхона ҳам ишга тушди. Имом-хатиб, ноиблар, мутавалий, қаровуллар учун ҳам алоҳида маъмурий бинолар қуриб битказилди. Бундан ташқари, масжиднинг алоҳида кутубхонаси бор.

Ташриф сўнгида соҳа раҳбарлари масжиднинг фаолияти юзасидан муҳим тавсиялар бердилар ва узоқ йиллар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати