Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутасаддиларининг сафари давом этмоқда. Улар Қирғизистон Республикасига қилган сафари чоғида Чашма қишлоғи аҳолиси билан учрашиб, маърифий суҳбат ўтказдилар.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда икки давлат Раҳбарларининг сиёсий иродаси, кўплаб масалалар бўйича ҳамфикрлиги, ҳамкорликка интилишининг муштараклиги туфайли барча соҳалардаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланаётгани, ўзбек ва қирғиз халқи азалдан яхши қўшничилик муносабатлари асосида ҳаёт кечириб келаётгани, бу гўзал анъана давом этиши, келажак авлод ҳам аҳилликда, тотувликда, яхши қўшничилик муносабатларини сақлаган ҳолда фаровон ҳаёт кечиришини, икки қардош халқ орасига ҳеч ким низо сололмаслигини, дини, тарихи, йўли бир халқларни келажаги ҳам бир эканини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари икки қардош халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани ҳамда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиб бердилар.
Ўзбекистон делегациясининг қалбдан чиққан самимий сўзлари маҳаллий аҳолининг кайфиятини кўтарди, уларга руҳий қувват берди, ўзаро қўшничилик алоқаларини мустаҳкамалашга асос бўлди.

Учрашувдан сўнг, томонлар бир-бирларига ўзаро совға-салом улашдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати