Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Баткен шаҳрида “Диний ва миллий муносабатлар уйғунлиги ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
 Мулоқотда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, икки халқ асрлар давомида ёнма-ён, дўстона муносабатда бўлиб келгани, ота-боболаримиз халқларимиз бирлигини сақлаб, яқин бўлиб, аҳилликда яшаганларини таъкидлаб ўтди.
  – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат ўз ташқи сиёсатида, аввало, қўшни давлатлар билан муносабатларни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратмоқда. Кейинги пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги шериклик алоқалари фаоллашаётгани бунинг ёрқин далилидир. Жумладан, Қирғизистон Республикаси билан ҳамкорлик янги мазмун билан бойиб бормоқда. Парламентлар, турли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ўртасида алоқалар тобора кенгаймоқда – деди, А.Аҳмедов.
 Шунингдек, семинарда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва бошқа мутасаддилар нутқ сўзладилар.
 Семинарда икки давлат ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи имомларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мулоқотини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида аҳиллик, ҳурмат, яхши қўшничилик тамойилларини тарғиб қилиш ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
  Сафар давом этмоқда. 

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати