Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан “Интернет орқали радикаллашув: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида онлайн республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Унда Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси вакиллари иштирок этди.

Анжуманни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор Шуҳрат Акмалевич Ёвқочев кириш сўзи билан бошлаб, бугунги кунда ахборот технологияларининг жадал суратларда ривожланиб бораётгани, инсонлар томонидан яратилаётган кашфиётлар ва бунинг натижасида эришилаётган ютуқлар ҳамда юзага келаётган хавф-хатарларнинг тобора ортиб бораётгани ҳақида фикр билдириб, конференция ишига муваффақият тилади.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳ.Ишматбеков “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ замон талаби”, Дин ишлари бўйича қўмита етакчи мутахассислари – Ш.Жўраев “Ижтимоий тармоқларда экстремистик гуруҳлар орасида кузатилаётган ўзаро тортишув ва мунозаралар хусусида”, Ж.Алиев “Экспертизага тақдим этилаётган материалларнинг мавзуий таҳлили (радикал контентлар классификацияси), Тошкент ислом институти ректори У.Ғофуров “Ёшларни ёт ғоялардан асрашда ахборот истеъмоли маданияти”, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази директор маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев “Ёшларга манипулятив таъсир кўрсатишда интернетнинг ўрни”, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Т.Аҳмедов “Пандемия шароитида экстремистик ғояларнинг тарқалиши”, “Билим карвони” нодавлат илмий муассасаси директори, сиёсий фанлар номзоди Ф.Толипов “Глобал рақамлашув, демократия ва миллий қадриятлар”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти М.Абдуллаева “Кибергигиена – таҳдидларга қарши кураш воситаси” каби мавзуларда маъруза қилишди.

Маълумки, радикал сўзи – лотинча "radix" яъни, илдиз сўзидан олинган бўлиб, қатъий ва кескин чоралар, ҳаракатлар, дастурлар тарафдори, деган маъноларни англатади. Мавжуд давлат тузумини танқид остига олиб, радикал ўзгаришлар ва ислоҳотлар ўтказишни талаб этувчи сиёсий оқимдир.

Бундай оқим тарафдорлари ўз олдига қўйган ғаразли мақсади йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ер юзидаги мавжуд давлатларнинг тинчлиги, давлат сифатидаги мақоми, миллий қадрияти, тили, дини, асрий анъаналарининг издан чиқиши, емирилиши учун ёвуз ҳаракатини олиб боради. Бунинг натижасида бутун бир халқнинг миллий маънавияти ва маданиятига дарз кетади. 

Ҳозирги пайтда ер юзидаги барча давлатлар олдида турган энг муҳим масалалардан бири ҳам радикаллашув муаммосининг олдини олишдир. Ҳаттоки, халқаро ташкилотлар томонидан йил давомида ўтказилаётган тадбирларнинг аксариятида ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Турли номлар остида ўзининг ғаразли мақсадини, террористик ва экстремистик фаолиятини олиб боришни кўзлаган радикал оқим вакиллари бугун ахборот технологиялари ривожланган бир даврда интернет ва ижтимоий тармоқлари орқали ўз саҳифаларини очиб, ноқонуний фаолият олиб бормоқда. Уларнинг аксарияти дунёнинг бир чеккасида туриб, тинч-тотув яшаётган халқларнинг фаровонлигига тахдид солишдир. Айниқса, ёвуз ниятларини амалга оширишда интернет ҳамда ижтимоий тармоқлар қармоқ вазифасини ўтамоқда.

“Интернет орқали радикаллашув: муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари” мавзусида ўтказилган анжуманда ҳам бу каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Олимлар, турли соҳа вакиллари радикаллашувни олдини олиш, аҳолида, айниқса, ёшларда соғлом фикр ва мустаҳкам эътиқод шаклланишида миллий анъаналар, аллома ва мутафаккирларимизнинг илмий-маънавий мероси ечим бўлиши пировардида бундай муаммоларни бартараф қилишга эришиш мумкин экани ҳақидаги таклифларини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтида суд томонидан экстремистик ташкилот сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхати эълон қилгани хусусида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, 40 яқин ижтимоий тармоқлардаги профиль, канал ва саҳифаларда экстремистик ва террористик фаолиятни юритувчи гуруҳлар аниқлангани ва бундай ташкилотларнинг фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқлангани таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбир якунида Академия ҳузуридаги Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар марказига профессор-ўқитувчилар, соҳа вакиллари, тадқиқотчилар томонидан қилган маърузаларнинг электрон варианти топширилиши ҳамда конференция якунлари бўйича илмий-маърифий тўплаб чоп этилиши айтилди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати