2020 йилги Давлат дастурининг “Ахборот-коммуникация технологияларини модернизация қилиш орқали солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш” номли 69-бандида Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича стратегиясини ишлаб чиқиш, “Таҳлика-таҳлил” дастурий маҳсули, “Big data” архитектураси асосида “Business Intelligence” таҳлилий моделлари ва “Ишончли ҳамкор” лойиҳасини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 июндаги “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 359-сон қарори билан Давлат дастурининг мазкур банди ижро этилди.

Ушбу ҳужжат билан Давлат солиқ қўмитасининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш Стратегияси тасдиқланмоқда.

Унда ДСҚ маълумотларини қайта ишлаш маркази ва телекоммуникация қурилмаларини модернизация қилиш, сервер ва дастурий таъминотлар харид қилиш, ахборот тизимлари мажмуини ягона платформага ўтказиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш сифатини ошириш, катта ҳажмдаги маълумотларни тезкор таҳлил қилиш тизимларини йўлга қўйиш каби вазифалар назарда тутилган. Бунинг натижасида давлат бюджетига қўшимча тушумлар ҳажми 20 трлн сўмгача ортиши кутилмоқда.

Ҳужжат маълумотлар алмашиш билан боғлиқ бўлган қуйидаги муаммоларни ҳал этишни кўзда тутади:

- мавжуд маълумотлар базаси ҳажмининг етарли эмаслиги;

- серверлар хотира ҳажмининг 90 % бандлиги;

- электрон хизматлар сони 3,8 баробарга, ахборот тизимлар сони 2,5 баробарга ортиши натижасида корпоратив тармоқ тезлигини ошириш зарурати юзага келганлиги;

- турли ахборот тизимларининг интеграциялашуви натижасида маълумотлар базасида катта юкланиш ҳосил бўлганлиги;

- ягона платформа мавжуд эмаслиги.

Маълумотларни қайта ишлаш марказини модернизация қилиниши натижасида:

  • маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тезлиги 10 баробаргача оширилади;
  • маълумотлар базасидаги ахборотларни конфиденциаллигини таъминлаш даражаси 100 % ошади, ташқи хавфлардан ҳимоя қилиш ҳамда маълумотларни хавфсиз ва ишончли сақлаш имкониятлари кенгаяди;
  • маълумотлар базаси ҳажми 1 Петабайтгача етказилади.

Стратегиянинг асосий вазифаларидан бири бу – амалиётга  Business Intelligence ва Big Data технологияларини жорий этиш ҳисобланади. Бу орқали:

- катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш ва тезкор таҳлил қилиш тизимлари кенгаяди;

- хуфёна айланмалар даражаси кескин қисқаради ва солиқ солинадиган база кенгаяди;

- марказлашган тизимлар орқали шаклланган маълумотларни қайта ишлаш натижасида бозор коньюктурасини ўрганиш, товар ва хизматларнинг бозор нархларини таҳлил қилиш ҳамда прогнозлаш имконияти яратилади;

- ходимларнинг 50-60 фоизида маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш билан шуғулланиш имконияти пайдо бўлади.

Солиқ органларининг ахборот тизимлари мажмуи тўлиқ ягона платформага ўтказилиши натижасида:

  • маълумотларни киритиш, тўплаш, таҳлил қилиш тизимлари оптималлаштирилади;
  • маълумотлар базасида катта юкланишларнинг олди олинади;
  • солиқ тўловчиларнинг ҳисобот топшириш жараёни 5-7 баробаргача енгиллаштирилади;
  • инсон омили аралашуви 60 фоизга қисқаради;
  • солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллашга имконият яратади.

Стратегияни жорий этиш натижасида бизнес жараёнига сарфланган умумий вақтни 20-30 фоизгача қисқартиришга эришилади.

Стратегияда назарда тутилаётган Case Management System, Case Assesment System тизимлари - солиқ аудити жараёнини автоматик тарзда қайд этиш, мониторинг қилиш, маълумот ва таҳлиллардан фойдаланиш ёрдамида солиқ тизимини бир мунча такомиллаштирилишини таъминлайди.

Бу каби замонавий технологияларни ҳаётга тадбиқ этиш эса солиқ хизматидан фойдаланишда инсон омилини 60 фоизга қисқартиради. Натижада нафақат коррупциянинг олди олинади, балки қоғоз шаклидаги ҳужжат ишлари ва ортиқча вақт сарфи тежалади.

Солиқ хизмати органларининг бошқа вазирлик ва идоралар билан ахборот алмашинув тизимлари интеграциялашуви эса бевосита йирик ҳажмдаги ахборотларни электрон тарзда олиш, таҳлил қилиш ва солиқ солиш базасини кенгайтиришга хизмат қилади.

“Тараққиёт стратегияси” маркази
Ахборот хизмати