Наврўз байрами арафасида мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт” умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари акцияси бошланди.

Халқимизга хос эзгу тадбирнинг бориши ҳақида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида бўлиб ўтаётган брифингда маълумот берилди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи Турғун Қирғизбоевнинг тезкор маълумот беришича, умумхалқ хайрия ҳашарининг илк кунида ҳозиргача 6 миллиондан зиёд юртдошларимиз фаол иштирок этган. Юрт равнақи ва ободлигига бел боғлаган ҳашарчиларнинг ғайрат-шижоати билан 13 минг 997 минг гектар майдонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Жумладан, 7 минг 750 километр узунликдаги ариқ-зовурлар тозаланди,

320 зиёратгоҳ ва 4703 қабристон ободонлаштирилмоқда. Шунингдек, 1 миллион 610 минг 798 дона манзарали, 1 миллион 87 минг 885 дона мевали дарахт кўчати экилиб, 1 миллион 450 минг 656 дона гул кўчати ўтқазилади. Мавжуд 7 миллион 177 минг 207 дона дарахтга шакл берилди. Бу улкан ҳажмдаги ишларни бажариш учун 6 минг 722 техника жалб қилинди.

Ҳашар давомида “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – ёлғиз қариялар, ногиронлар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 5 минг 637 ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага тегишли уй-жойларни таъмирлаш, 2 минг 886 эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилди.

Манба: ЎзА.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати