2020 йил 12 март куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва  Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари  диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Хоразм вилоятида бўлдилар.

Дастлаб, соҳа раҳбарлари Урганч шаҳридаги “Имом Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртига ташриф буюрдилар ва бу ерда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, улар билан мулоқот ўтказдилар. Талаба-ёшлар билан учрашув очиқ ва самимий руҳда кечди. Уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Шунингдек, вилоят имом-хатиблари билан соҳада бўлаётган ўзгаришлар, диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида давра суҳбати ўтказилди.

Йиғилишда муҳтарам Президентимизнинг кўрсатма ва топшириқлари ҳамда ташаббуслари асосида диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳияти, соҳа вакиллари олдида турган долзарб вазифалар вилоят имом-хатибларига етказилди. 

Суҳбат давомида бугунги кун имом-хатиблари ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлиши, ахборот хуружлари авж олган бир пайтда илм-маърифат билан жаҳолатга қарши курашишлари лозим эканлиги таъкидланди. Шунингдек, учрашувда имом-домлалар фаолияти таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди ва ечими бўйича аниқ таклифлар берилди.

Шундан сўнг, мутасаддилар вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга кириб, улар ҳолидан хабар олишди, уларга моддий ва маънавий кўмак берилди. Шунингдек, ногиронлиги туфайли тўшакка михланиб қолган инсонларга ногиронлик аравачалари, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тақдим этилди.

Соҳа раҳбарларининг Хоразм вилоятига сафари давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати