Аввал хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳридаги Форумлар саройида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар иштирокида Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда 20 га яқин мамлакатлардан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

Тадбирда мамлакатимизда сўнгги йилларда асрий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодларга етказиш, эътиқод эркинлигини таъминлаш, хусусан, эзгулик ва яхшиликка асосланган ислом динининг асл моҳиятини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ислом дини ривожида беқиёс ўрин эгаллайдиган Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган мазкур анжуманда муҳокама этиладиган мавзулар исломнинг асл моҳиятини тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши, конференция якуни бўйича қабул қилинадиган ҳужжатлар эса ислом маданияти ва цивилизациясини янада тараққий эттиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Халқаро конференциянинг иккинчи кунида якуний ялпи йиғилиш ўтказилди. Унда иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифлар бўйича шакллантирилган тавсиялар муҳокама қилинди. Анжуман якунида иштирокчилар билдирган таклиф ва мулоҳазалар асосида ишлаб чиқилган тавсиялар қабул қилинди.

Уларда Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, алломанинг асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласига алоҳида урғу берилган.

Кун давомида анжуман иштирокчилари Имом Мотуридий ва Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаларини зиёрат қилади ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишади. Шунингдек, қадим Самарқанднинг диққатга сазовор жойларини ҳам томоша қилиш имконига эга бўладилар, дея хабар бермоқда "Халқ сўзи" газетаси сайти.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати