“Ал-Азҳар” мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Имом Мотуридий мақбарасини зиёрат қилиш чоғида шундай деди: “Руҳимиз Макка ва Мадинага, ақлимиз эса ҳамиша Самарқандга ошиқади”.

Самарқандда ўтказилаётган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун юртимизга ташриф буюрган Шайх Аҳмад Таййиб бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Мотуридий мақбараси, Имом Бухорий мажмуаси, Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини бориб кўрди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида яратилган шароитлар Аҳмад Таййибни ҳайратда қолдирди. Мартабали меҳмон бу икки муассасанинг ислом меросини ўрганишдаги аҳамиятини юксак баҳолади.
– Ўзбекистон раҳбарига ушбу марказда шундай шароитлар яратиб бергани учун ташаккурлар айтаман, — деди Аҳмад Таййиб. – Бу ердан яна Имом Бухорий, Имом Термизийлар етишиб чиқишига ишонаман.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг Ал-Азҳар мажмуаси билан сермаҳсул ҳамкорлиги Аҳмад Таййибда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, марказга Мисрдан олиб келинган қимматли китоблар меҳмонлар эътиборини тортди, дея хабар бермоқда ЎзА.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати