Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда. Унда 15 та мамлакатдан 70 га яқин уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.

Мазкур халқаро анжуманда юқори мартабали меҳмон сифатида иштирок этаётган Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда Ҳадис илми мактаби Матбуот хизмати.

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги нуфузли делегация дастлаб муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ҳадис илми мактаби билан яқиндан танишди.

Мактаб ректори О.Юсупов меҳмонларга ушбу олий мактабда ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Мактабдаги ўқув жараёнларини ташкил этишда Бухоро ва Самарқанддаги қадимий мадрасалар ўқитиш анъаналари билан бир қаторда нуфузли Ал-Азҳар университетининг тажрибаси ўрганилиб, амалда қўлланилаётгани қайд этилди.

Мактаб ўқув режаси билан дунёнинг 20 нафар етакчи таълим муассасалари ва ислом оламидаги нуфузли уламолар танишиб,  уларнинг бу фанлар ва адабиётларини ўзлаштирган битирувчиси тўғридан-тўғри нуфузли хорижий таълим муассасаларининг магистратурасида ўқишни давом эттириши мумкинлиги тўғрисида эътирофга сазовор бўлганлиги таъкиланди.

Меҳмонлар мактаб таълим жараёнлари кўздан кечириш мақсадида Ал-Азҳар университетидан жалб қилинган Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад томонидан ўтказилаётган дарс машғулотини кузатди.

Юқори мартабали меҳмон Шайх Аҳмад Таййиб ташрифи якунида мактабнинг фахрий меҳмонлар китобига қуйидагича дастхат ёзиб қолдирди:

Мен Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ мақбараси ёнида бунёд этилган Ҳадис илми мактабини зиёрат қилиш ҳамда Ал-Азҳар университетидан жалб қилинган профессор ўқитувчи томонидан ўтказилаётган Араб тили машғулотида мактаб талабалари билан учрашишга мушарраф бўлдим. Ушбу ислом олийгоҳида таълим олаётган талабаларнинг илми, одоби, ҳам ақлан, ҳам жисмонан соғломлигини кўриб хурсанд бўлдим. Мен Миср давлатида мана шундай илм дарғоҳини очишни орзу қиламан.

Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср Бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб

2020 йил 3 март, ҳижйрий 1441 йил, ражаб ойининг 7 куни.

Ўз навбатида Шайх Аҳмад Таййибга Ўзбекистон ва Миср мамлакатлари ўртасида таълим соҳаси бўйича ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган хизматлари учун ташаккурнома ва мактаб ўқитувчилари томонидан нашр этилган китоблар тақдим этилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати