Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ саҳифаларида Тошкент шаҳридаги «Имом Термизий» масжиди имом-хатиби Иcҳоқжон домла Бегматов билан боғлиқ турли гап-сўзлар тарқалди.

Интернет фойдаланувчилари томонидан имом-домланинг айтган гапларини турлича талқин қилиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида қуйидаги икки жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз:

Биринчидан, бугунги кунда масжидларда ибодат масаласида турли тушунмовчилик келтириб чиқараётганлар учрамоқда. Шунингдек, ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали одамларни мазҳабсизликка чақираётганлар ҳам кузатилмоқда.

Аслида, Исҳоқжон домла, аҳли илмлар ва юртимиздаги бошқа имом-хатиблар диёримизда азалдан мерос бўлиб келаётган, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган бир нечта суннатларнинг йўқ бўлиб кетишига қарши курашмоқдалар. Намоздан кейинги зикр ва дуолар, Қуръони карим тиловатини эшитиш, намозхонлар олдини кесиб ўтмаслик ва ҳоказолар шулар жумласидандир. Афсуски, бугун ушбуларни бажариш ўрнига эшикка қараб ошиқаётганлар ҳам йўқ эмас.

Имом-домланинг мақсади ҳам – бир масжидда, бир сафда туриб намоз ўқиётганлар орқасида тафриқа келиб чиқмаслигини олдини олиш бўлиб, жамоатни бизнинг диёримизда мавжуд бўлган ананавий ҳанафий мазҳабига эргашишга чақирмоқда ва аҳолини бирликка чорламоқда, бу таҳсинга лойиқ.

Иккинчидан, имом-домланинг гўёки масжидларда ўрнатилган кузатув камералари намозхонларни назорат қилиб тургани ҳақидаги гаплари эса мутлақо асоссиз ҳисобланади.

Маълумки, бутун дунё миқёсида кузатув камералари одамлар ва муайян объектларнинг хавсизлигини таъминлаш мақсадида ўрнатилади. Мисол учун, Макка ва Мадина шаҳарларидаги “Масжидул ҳарам” ва “Масжидун Набавий”да ҳам кузатув камералари зиёратчилар ва муқаддас жойларнинг хавсизлигини таъминлаш мақсадида 24 соат давомида ишлаб туради.

Шундай экан, юртимиз масжидларидаги кузатув камералари ҳам, айнан, намозхонлар ва масжидлар хавфсизлигини таъминлаш учун ўрнатилган. Буни бошқача талқин қилиш – нотўғри тушунишдан бошқа нарса эмас.

Шундай экан, фуқароларимиздан мазкур ҳолатни тўғри тушунишларини, ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил асоссиз ва бўҳтон гап-сўзларга эътибор қаратмасликларини сўраб қоламиз.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати