Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов билан талабалар ўртасида “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди.

Тадбирда академияда яратилган шароитлар, ўқитувчилар томонидан берилаётган замонавий билимлар, ўқув адабиётларидан фойдаланишдаги қулайликлар, диний ва дунёвий билимларни уйғунлаштирган ҳолда олиб борилаётган дарс жараёнлари ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, “Ҳаракатлар стратегияси”, “Президент мурожаатномаси”, Давлат дастурлари, уларда ёшларга яратилаётган имкониятлар тўғрисида сўз юритилди.

Жумладан, Марказий Осиёда ягона бўлган нуфузли Ўзбекистон халқаро ислом академиясида таҳсил олиш катта бир бахт ва шараф бўлса, ўз навбатида мутафаккир ва алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва эгалланган илмларни давлат ва жамият тараққиёти йўлида сарфлаш ҳам бўлажак ёш мутахассислардан масъулиятли бўлишни талаб қилиши тушунтирилди.

Академияда диний ва дунёвий илмларни уйғунлаштиришга катта эътибор қаратилади, – дейди ўз сўзида Музаффар Комилов. – Айнан ислом динини тўғри талқин этиш, халқимизга унинг эзгу ғоялар асосига қурилганини тушунтиришда сиз азиз талабаларнинг ҳиссангиз катта. Шунинг учун ҳам илм-фан сабоқларини мукаммал билишингиз учун академияда нафақат юритимиз, балки хориждан ҳам кўплаб олимлар, профессор-ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Уларнинг билим ва тажрибаларини пухта эгаллаш зарур. Киши қанча кўп ўқиган бўлса ҳам энг аввало, инсон ўзини қалбан ислоҳ этиши керак. Унинг онгу тафаккурида фақат ва фақат эзгу ғоялар, эл-юрт равнақи, халқ манфаати биринчи ўринда туриши лозим.

Шу нуқтаи назардан, ташкил этилган мулоқотда талаба-ёшларнинг фикр-мулоҳазалари, ташаббус ва таклифлари ўрганилди. Сўнги йилларда таълим тизимига қаратилаётган эътибор, юртимиздаги ҳар бир соҳада ёшлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, ислоҳотларнинг барчаси Ўзбекистонни янада тараққий этишга қаратилгани, халқимизнинг тинч-тотув ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга бўлган амалий ишлар ифодаси экани жонли мисоллар орқали келтирилди.

Ўз навбатида талаба-ёшлар ҳам эгаллаган билимларини юртимизнинг гуллаб-яшнаши учун бахшида этишларини билдиришди. Дўстона ўтган мулоқот якунида эса билдирилган таклифлар бўйича фикр-мулоҳазалар юритилди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати