Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Сўз мулкининг султони” мавзуида адабий-бадиий тадбир ташкил этилди. Унда адабиётшунос олимлар, профессор-ўқитувчилар, шоир ва ёзувчилар, санъат намояндалари ҳамда талабалар иштирок этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Тадбирни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов Навоий ижодига кўрсатилаётган эҳтиром, ўчмас боқий асарлари бугунги кунда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаётгани хусусидаги фикрлари билан бошлаб берди.

Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллигига бағишланган тадбирнинг бадиий қисми олдидан Президентнинг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Рустам Собирович Қосимовга сўз берилди.

Ҳурматли ректор ушбу қутлуғ сана билан тадбир иштирокчиларини, меҳмонларни, устоз-мураббийлар ва талабаларни чин кўнгилдан самимий муборакбод этиб, Навоий бобомизнинг инсоният маънавияти, жамият тараққиёти йўлида хизмат қилаётган илмий-маънавий меросларини чуқур ўрганишда собидқадам бўлиш лозимлигини таъкидлади.

Алишер Навоий таваллуд топган куни – бизнинг она тилимиз ташкил қилинган кун десак, муболаға бўлмайди, – дейди ўз нутқида Рустам Қосимов. – Юртимизда жуда кўплаб олимлар Навоий ижодини ўрганишга ўз умрини бахшида этган. Жумладан, навоийшунослар ичидан ягона Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазоров бўлган олимамиз бу – Суйима Ғаниевадир. У кишини барчамиз нафақат адабиётшунос сифатида, балки меҳрибон бир жонкуяр устоз тимсолида ҳам кўрамиз. Бутун умрларини Навоий ижодини ўрганишга бағишлаган инсон эдилар.

Шундан сўнг “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари, таниқли адабиётшунос ва санъатшунос олим Шуҳрат Ризаев, юридик фанлари доктори Абдулҳаким Жузжоний, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Фарида Бўтаева (Афрўз) сўзга чиқиб, Ҳазрат Алишер Навоий ижодий мероси хусусида  кенг фикр юритдилар.

Тадбирда талаба-ёшлар эътиборига Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева ҳақидаги “Йўл” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Унда олиманинг ҳаёти, илмий-ижодий фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Дарҳақиқат, олима Суйима Ғаниева Алишер Навоий ижодини чуқур ўрганиб, ўзининг теран илмий тадқиқотлари билан навоийшунослик соҳасида ўзига хос илмий мактаб яратган.

“Навоийни ўқиш, англаш уни зиёрат этиш демакдир”, – деган эди олима суҳбатларнинг бирида. “Навоий мероси эъзозланган, мутафаккир шоиримиз улуғлаган эзгу ғоялар бугун ҳаётда ўз амалий ифодасини топаётган мамлакатда яшаётганимдан, унинг бой меросини ўрганишдек шарафли йўлда эканимдан беҳад фахрланаман. Умрим мобайнида бир неча бор Афғонистонда бўлишга тўғри келди. Аммо ҳазрат Навоий қабрини зиёрат қила олмадим. Бу менинг армоним бўлиб қолди. Аммо ул зотнинг қўлёзмасини Ўзбекистонга олиб келиб, ўзим бош-қош бўлиб, нашр эттирганим ана шу армонни бир қадар ушатгандек бўлди”, – деган эди олима.

Суйима Ғаниева 1932 йил Тошкентда туғилган. Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Шарқ факультетида таълим олган. 1956 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида, Тошкент Давлат консерваториясида, 1993 йилдан Тошкент Давлат шарқшунослик институтида ишлаб келган.

Олима адабиётшунослик, матншунослик ва таржимачилик соҳасида яратган 20 номдаги китоб ва рисолалар, 300 дан ортиқ мақола ва тақризлар муаллифи ҳисобланади.

Суйима Ғаниева Алишер Навоий асарларини нашрга тайёрлаган. Олима “Мажолис ун-нафоис”нинг илмий-танқидий матнини чоп эттиргач, “Навоий дастхати” китобини ўқувчилар ҳукмига ҳавола этган. Алишер Навоий мукаммал асарлар тўплами (20 томлик)да у “Мажолис ун-нафоис”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Муншаот”, “Вақфия”, “Ҳамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Назм ул-жавохир”, “Муҳокамат ул-луғатайн” каби асарларни изоҳ ва таржималар билан нашрга тайёрлаган.

Навоийнинг насрий меросини ўрганиш – Суйима Ғаниева илмий фаолиятининг энг салмоқли, энг намунали қисмини ташкил этган.

1999 йилда Суйима Ғаниевага “Эл-юрт хизмати” ордени, 2008 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирганлан. Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон Қаҳрамони эди.

Суйима Ғаниева 2018 йил 1 сентябрь куни вафот этган. Атоқли олима, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон навоийшунос олимамизнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.

 “Йўл” ҳужжатли фильми намойиш этилганидан сўнг тадбир Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг талабаси Гулчеҳра Абдувоҳидова томонидан тайёрланган рақс ҳамда академия талабаларининг ғазалхонлик, мусиқий чиқишлари билан давом этди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалари томонидан тайёрланган бадиий-мусиқий чиқишлар барчага бирдек манзур бўлди.

Шунингдек, Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан ташкил этилган адабий-бадиий тадбир доирасида талаба-ёшларнинг китоб мутолаасига бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида китоб ярмаркаси ўтказилди.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати