Юртимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшлар билан учрашувида билдирилган фикр-мулоҳазаларни халқимиз, хусусан ёшларимизга етказиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Ахмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси У.Алимов Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида малака ошираётган ёш имом-хатиблар ҳамда Академияда таҳсил олаётган талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказдилар.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда глобаллашув шароитидаги хавф-хатарлар ва мафкуравий хуружлар борасида сўз кетганда Президентимиз томонидан келтирилган маърифатпарвар бобомиз Фитратнинг “Бу дунё кураш майдонидир. Соғлом тан, ўткир ақл ва яхши ахлоқ бу майдон қуролидир”, деган сўзлари ёдга олинди.

Мамлакатимиз аҳолисининг 31 фоизи, ёки 10 миллион нафари  30 ёшгача бўлган ёшлардир. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун замонавий шароит ва имкониятлар яратилган. Шу билан бирга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунча кучли бўлади. Академия талаба-ёшлари билан ўтган мулоқотда ана шу фикр-мулоҳазалар алоҳида тилга олиб ўтилди.

Қайд этиш керакки, ушбу академия ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

        Шунингдек, соҳа раҳбарлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда таҳсил олаётган талабалар билан суҳбат ўтказдилар.

Атрофимизда содир бўлаётган ҳодисаларга хотиржамлик ва лоқайдлик билан эмас, балки ҳушёрлик билан қараш зарур. Юртбошимизнинг: “Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча – қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади” деган сўзлари ёшларга атрофлича етказилди.

Учрашувда ёшлар ҳаётидаги муаммолар, долзарб вазифалар муҳокама қилинди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати