Юртимизда Ватан ҳимояси каби улуғвор ишга ўзини бағишлаган ҳарбийларимиз катта ҳурмат ва эъзоз билан қадрланиб, ҳар йили “14 январь – Ватан ҳимоячилари куни” катта байрам ва шодиёна билан ўтказилади.

Бу каби эътибор ва эътироф масъулиятли касб эгаларининг Ватан олдидаги хизматларини юқори баҳоланишини намоён этиб, уларнинг келгусидаги фаолиятига ҳам куч-қувват, шижоат ва албатта садоқат бағишлайди.

Маълумки, 1993 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Республикасининг Қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни” деб эълон қилинди.

Албатта, Ватанни ҳимоя қилиш барча учун муқаддас бурч ҳисобланади. Бу бурчни адо этишда юртимизнинг ҳимоячилари бўлган миллий армиямиз ва барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ҳалқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашда олиб бораётган хизматини муносиб баҳолаш ҳамда уларга зарур шарт-шароит яратиш масалалари ҳам давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган олижаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча бўғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар ташкилотлари, таълим-тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса Ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради” деб айтган гапларида ҳам Қуролли Кучларимизнинг халқ билан ҳар қачонгидан ҳам яқинлигини англашимиз мумкин.

Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида кескин тус олаётган вазиятда, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавф-хатарлари барчамизни огоҳ бўлишга чақиради ва Қуролли кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Сўнгги йилларда давлатимизда ҳарбий-сиёсий масалаларда ҳам тубдан ислоҳотлар амалга оширилиб, миллий армиямиз ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба берадиган жанговор қудрати йилдан йилга ошиб бормоқда.

Бундан ташқари, ҳар бир ҳарбий хизматчининг билими, малакаси ҳамда руҳий тайёргарлиги оширилиб борилмоқда. Уларнинг оилаларига муносиб шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар, фарзандларини олий таълим муассасаларига давлат гранди асосида ўқишга қабул қилиш, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш ҳамда замонавий инфратузилма барпо этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

14 январь куни эса мамлакатимизда фақатгина ҳарбийларимизгина эмас, балки барча юртдошларимиз ҳам тинчлик ва осойишталик байрами куни сифатида кенг нишонлашмоқда.

Муқаддас ислом динида “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири  – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривояти) деб ривоят қилинган Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан ҳам шуни англаш мумкинки, Ватан ҳимояси йўлида олиб борилаётган ҳар қандай хизмат савобли амаллар қаторига киради.

Мухтасар қилиб айтганда, тинчлик бор жойга байрамлар ярашади, шунинг учун жаннатмакон диёримизда ушбу тинчликни таъминлаб келаётган ҳарбий хизматчиларни яна бир бор ушбу байрам билан муборакбод этиб, уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт ва албатта масъулиятли хизматларида куч-қувват тилаб қоламиз.

 

Диний маърифий ташкилотлар

ва диний соҳа ходимлари билан

ишлаш бўлими мутахассиси                                      Б.Иминов