Мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртимизни халқаро спорт майдонларида муносиб равишда танитиш мақсадида барча ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Давлатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббусидан бири айнан шу йўналишга қаратилгани ҳам буни яққол исботлаб турибди.

Дарҳақиқат, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз томонидан спортга, хусусан футболни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Халқимиз орасида бир гап бор “соғлом танда-соғ ақл”. Шу билан бирга Ислом шариатида ҳам бунга катта эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга ота-оналарни тарғиб қилганлар. У зот: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар.

Таъкидлаш лозимки, бугун Таиланд яшил майдонларида 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати старт олади. Эътиборлиси, бу йилги турнирнинг Токио Олимпиадасига йўлланма бериши мусобақага бўлган эътиборнинг яна бир карра ошишига сабаб бўлмоқда. Шу тариқа қитъамизнинг ушбу ёш тоифасидаги энг кучли      16 жамоаси мусобақа ғолиблиги қатори Токио Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш олиб борадилар. Улар орасида Олимпия терма жамоамиз қитъа чемпионлигини ҳимоя қилади.

Шу маънода, вакилларимизга олдинда турган шарафли ва айни пайтда масъулиятли ишларида республикамиз масжидларида имом-хатиблар, намозхонлар дуолар қилишни бошлаб юборишди. Улар дуоларида футболчиларимизга Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш ва байроғимизни Таиланд яшил майдонларида юқори кўтариб, юртимизга ёруғ юз билан келишларини Аллоҳдан сўрашмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати