Аввал хабар бериб ўтканимиздек, соҳа раҳбарлари ўтган ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Фарғона, Наманган, Андижон, Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятларида бўлиб, аҳоли билан учрашувлар, давра суҳбатлари, турли хайрия ва саховат тадбирлари ўтказиб келмоқдалар.

25 декабрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Жиззах вилоятига ташриф буюрдилар.

Янгиланаётган Ўзбекистонда олиб борилаётган барча ишлар халқимизни рози қилишга қаратилганини Муҳтарам Президентимиз ҳар доим таъкидлаб келмоқдалар. Куни кеча, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тадбирда ҳам бу борада алоҳида тўхталиб, шундай дедилар: «Бизнинг бош мақсадимиз - халқимизнинг розилиги. Бу Президент сифатида менинг, барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддилар, депутат ва сенаторлар, бутун давлат идораларининг фаолиятига берилган энг олий ва энг адолатли баҳодир. Агар халқимиз биздан рози бўлса, Яратган ҳам рози бўлади».

Ана шу маънода, соҳа раҳбарлари иштирокида вилоят миқёсида соҳада амалга оширилаётган ишлар ва масалаларни атрофлича ўрганиш ва унга таҳлилий-танқидий ёндошиш мақсадида жиззахлик имом-хатиблар ва имом ноиблар билан давра суҳбати ўтказилди. Йиғилишда бугунги имом-хатиб ҳар томонлама  хушёр бўлиши, дунёда бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришлардан доимий хабардор бўлиб бориши, қолаверса ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асоссиз маълумотларга, турли туҳмат ва бўхтонларга қарши ўз вақтида ва илм-маърифат билан жавоб қайтариш лозимлиги ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шундан сўнг, вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак кўрсатилди. Шунингдек, ногиронлиги туфайли тўшакка михланиб қолган инсонларга ногиронлик аравачалари, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тақдим этилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати