Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 150 нафарга яқин профессор-ўқитувчилари “Тренерлар учун тренинг” мавзусидаги малака ошириш курсларида ўз билим ва маҳоратини оширмоқда, деб хабар бермоқда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати.

Унда академиянинг профессор-ўқитувчиларига замонавий дарсларни ташкил этиш, талаба-ёшларнинг иқтидори ва уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш бўйича ихтисослик йўналишларида методик-тренинг машғулотлари  ўтказилмоқда.

Мазкур тренинг дастури таълим муассасасидаги ижтимоий, педагогик ва психологик муаммоларни ҳал этишга ҳамда талабалар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этишга йўналтирилган бўлиб, унда бугунги жадал ривожланиш шароитида ёшларни тўғри мақсадларга йўналтириш, дарс машғулотларини самарали ва мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ халқаро илғор тажрибалар оммалаштирилмоқда. Ўқув курси 3 та асосий —  “Интерфаол усулларда ўқитишнинг замонавий технологиялари – тренинг машғулотлари”, “Жамоани шакллантириш”, “Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш” йўналишлари бўйича 10 та мавзуга оид интерфаол суҳбатлар ва 25 та мавзуни ўз ичига қамраб олган ўзига хос методик ёндашувлар асосида ўтказилаётгани эътиборлидир.

Жумладан, ўқув курсида “Жамоани шакллантириш” йўналиши бўйича “Конструктив ҳамкорлик тажрибасини шакллантириш”, “Жамоанинг самарали ишлаши шартларини аниқлаш”, “Жамоада ишлаш қоидалари ва меъёрларини шакллантириш”, “Ҳар бир жамоа аъзосининг умумий вазифаларни ҳал қилишда масъулиятини ошириш”, “Жамоа бўлиб ишлаш кўникмаларини ривожлантириш” каби мавзуларида замонавий интерфаол усулдаги дарслар ташкил этилиб, профессор-ўқитувчиларнинг дарс машғулотини ташкил этиш маҳорати янада бойитилмоқда.

“Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш” мавзусидаги ўқув йўналишида эса “Устуворликларни аниқлаш ва шу асосда мақсадларни белгилаш ҳамда ишларни режалаштириш”, “Қўл остидагиларга иш юкламасини самарали тақсимлаш”, “Вақтдаги йўқотишларнинг олдини олиш ва вақтни тежаш усулларидан фойдаланиш”, “Ваколатларни узатиш” мавзуларида ўзига хос тренинг машғулотлари ўтказилди.

Мазкур малака ошириш курсларида  кўтарилган долзарб масалалар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга доир Ҳаракатлар стратегияси билан ҳамоҳанг бўлиб, унинг натижалари бевосита давлат бошқарувининг турли жабҳаларини янада самарали йўлга қўйиш, замонавий педагог кадрлар фаолиятини илмий асосда илғор педагогих ёндашувлар асосида олиб борилишига катта ёрдам беради.

Ушбу ўқув курслари олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари учун илк маротаба ташкил этилаётган бўлиб, у мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда педагогларнинг ҳам методологик жиҳатдан тайёрланишга ўзига хос кўмак бермоқда. Давлат бошқарувини такомиллаштириш йўлидаги бундай илғор педагогик ёндашувлар таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларини самарли ташкил этиш орқали ёшларни интеллектуал жиҳатдан етук кадрлар бўлиб шаклланишига ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати