22 декабрь тонги ҳар қачонгиданда файзли бошланди. Эрта тонгдан ҳамюртларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловларда муносиб номзодга овоз бериш учун ўз сайлов участкаларига ошиқдилар.
        Бу йилги сайловлар Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган янги Сайлов кодекси асосида мутлақо янгича руҳда ўтди. Жумладан, сайловларда 5 та партия иштирок этди. Сиёсий жараёнда иштирок этиш учун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси учун тенг имкониятлар яратилди. Ислоҳотларимизга ҳамоҳанг халқимиз фаоллиги ҳам кузатилди. 
         Сайловда  турли соҳа вакиллари кўтаринки руҳда иштирок этдилар. Жумладан, Вилоят ва туман ҳокимлари, вазирлик мутасаддилари бу борада ўз иштироклари билан халқимизнинг конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишда ўрнак бўлдилар. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Ахмедов ҳам эрта тонгдан ўз оила аъзолари билан сайловларда иштирок этиб, ўзлари муносиб топган номзодларга овоз бердилар.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати