Жорий йилнинг 18 декабрь куни Малайзия давлатининг учта олий ўқув юртида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг "Халқаро муносабатлар" кафедраси мудири Зоҳидулла Мунавваров томонидан мамлакатимиз диний-маърифий сиёсатининг ўзига хос жиҳатларига бағишланган бир қатор маърузалар ўқилди, деб хабар берди “Дунё” ахборот агентлиги. Ушбу тадбирлар Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.

Куала Лумпур шаҳридаги Малайя университети, халқаро Ислом университети ва Ислом илмий университетида бўлиб ўтган маърузаларда ўзбек олими мамлакат этноконфессионал муҳитини ривожлантириш шарт-шароитларини таҳлил қилиб, мавжуд конфессияларга нисбатан бағрикенгликнинг аҳамияти ҳақида сўзлади.

Ўзбекистон дунёвий ривожланиш йўлини танлаганлиги таъкидланган ҳолда, мамлакатда барча конфессиялар фаолияти учун тенг шароитлар яратгани, бу эса мамлакатнинг ижтимоий ва маънавий-маданий ҳаётида барча аҳолининг бирдек фаол иштирок этишини таъминлашга хизмат қилаётгани эътироф этилди.

Шунингдек, семинар иштирокчиларига дунё илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абу Райҳон Беруний ва бошқа кўплаб Ислом цивилизацияси намоёндалари ҳаёти ва илмий фаолияти, уларнинг илмий меросини бугунги кунда тадқиқ этилиши ҳақида ҳам сўзлаб берилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда йўлга қўйилган узлуксиз таълим ва илмий-маърифий тизим фаолияти хусусида ҳам маълумот берилиб, айниқса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис олий мактаби, Тошкент ислом институти каби таълим муассасалари билан ҳам яқиндан таништириб ўтилди.

Манба: http://iiau.uz/

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати