Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар сайловига жуда оз фурсат қолди.
Мазкур сайлов кунида ўз яшаш манзилида бўлмайдиган фуқароларимиз олдиндан овоз беришлари учун, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Мазкур жараён, 12 декабрдан 18 декабрь соат 18:00га қадар амалга оширилди.
Бугун, 19 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Марказий сайлов комиссияси котибият мудири Худоёр Маматов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловида муддатидан олдин овоз беришда неча нафар фуқаро иштирок этганини маълум қилди.
– 12 декабрдан 18 декабрь соат 18:00га қадар сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ўтказилди. Жойлардан олинган маълумотларга асосан, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида мамлакатимиз бўйича 59 226 нафар сайловчи ҳамда хорижий давлатлардан 89 807 нафар сайловчи ватандошимиз иштирок этдилар,  деди Худоёр Маматов.
Эслатиб ўтамиз, муддатидан олдин овоз бериш жараёнида иштирок этган 59 226 нафар сайловчидан 5 300 нафардан ортиғи муборак Умра зиёратига йўл олаётган фуқароларимиздир.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати