Юртимиз тарихида муҳим сана ҳисобланган 1992 йил 8 декабрь Давлатимиз Конституцияси, Бош Қомусимиз қабул қилинган кун ҳар йили катта шодиёна ва тантана билан нишонланади.

Маълумки, ҳозирги даврда давлатимиз ўз тараққиёт йўлида ҳуқуқий демократик ва шаффофлик тамойиллари асосида ислоҳотларни амалга оширмоқда ҳамда бу ўзгаришларни дунё ҳамжамияти ҳам муносиб эътироф этмоқда.

Ушбу ислоҳотларни амалга оширишда авваламбор инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда миллий қадриятларни асраш муҳим ҳисобланади.

Давлат ўз Конституциясига таяниб ички ва ташқи сиёсатини олиб боради ҳамда бунда ушбу сиёсат атрофида барча фуқаролар жипслашади. Жипслашиш баробарида ҳамма ўз эътиқоди ва дунёқараши билан бир-биридан ажралиб туради.

Эътиқод жиҳатидан олиб қараладиган бўлса, Конституциямизнинг 31-моддасида фуқароларнинг виждон эркинлиги ва бошқа диний эҳтиёжлари тўлиқ кафолатлангани, 61-моддасида диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилганлиги, қонун олдида тенглиги, шунингдек, давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмаслиги белгилаб қўйилган. Бироқ, диннинг давлатдан ажратилганлиги унинг жамиятдан ажратилганлигини билдирмайди.

Дин арбоблари эса кишиларни муқаддас Ислом қадриятлари асосида тарбиялаб, жамият олдида турган вазифаларни амалга оширишда, ҳаётий муаммоларни ҳал этишда давлатга ёрдам беришлари, давлат қонунлари ва сиёсатини ҳурмат қилишлари зарур.

Қуръони каримдаги “Нисо” сураси 59-оятида “Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилингиз, пайғамбарга итоат қилингиз ҳамда ўзингиздан бўлган иш эгаларига (яъни раҳбарларга) итоат қилингиз”, дейилган. Шундан маълум бўладики, муқаддас Ислом динида жамият барқарорлиги ва тараққиёти учун раҳбарга итоат қилишлик буюрилган. Ушбу итоаткорлик раҳбар кўрсатмалари билан бир қаторда, жамиятда амалда бўлган, халқ томонидан умумэътироф этилган қонунларга итоат этишни ҳам назарда тутади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда қонун устуворлиги ва виждон эркинлигининг таъминланганлиги, жамиятдаги барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик муносабатлари, диний бағрикенглик тамойилларининг амал қилиши бош қомусимизнинг амалий ифодасидир.

Маълумки, Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёвнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи ҳамда унда илгари сурилган ташаббус ва таклифлари дунё ҳамжамиятининг диққат марказида бўлди ҳамда юқори баҳоланди.

Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётгани ва уларга хизмат қилаётгани тўғрисида жаҳондаги машҳур оммавий ахборот воситалари ҳамда интернет сайтларида кенг ёритилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Қонун устуворлиги ва Дин” мавзусидаги Ўзбекистон-Америка илмий-амалий семинарига ташриф буюрган америкалик, украиналик ва қозоғистонлик ҳуқуқшунос, диншунос мутахассислар томонидан қисқа давр ичида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар замирида аниқ сиёсий-ҳуқуқий позиция шаклланганлиги ва бу ҳолат мамлакат ҳар бир фуқаросининг эртанги кунига ишончини  мустаҳкамлашига асос бўлиши тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Демак, халқаро ҳамжамият юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга юқори баҳо бериб, ундан фақатгина ўрнак олиш зарурлигини изҳор қилаётган бир вақтда мустақиллигимизнинг бошида прогматик жиҳатдан ҳар томонлама изчил ўйлаб қабул қилинган Қомусимиз давлатчилигимизнинг ҳозирги мезони эканлигини ҳис этишимиз зарур.

Яна бир бор, муҳтарам Юртбошимиз 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи халқ  бўлиши шарт” деб айтган сўзларига тўхталиб ўтмоқчиман. Бу сўзларнинг замирида Ўзбекистоннинг Конституцияси бу ўзбек давлатчилигининг ривожини тарихий тажрибасига таянган ҳолда демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, фуқароларимизнинг тинчлиги ва миллий тотувлигига хизмат қилиши, унда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилганлигини тушунамиз.

Сўз якунида, Ўзбекистон Конституцияси Ватанимизнинг эртанги ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалишига, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган самарали ислоҳотларга асос бўлади, деб ишонч билан айтиш мумкин.

 

Диний-маърифий ташкилотлар 

ва диний соҳа ходимлари билан 

ишлаш бўлими мутахассиси                                       Б.Иминов