Маълумки, “Умра” сўзи луғатда зиёрат маъносини англатади. Истилоҳда эса бу сўз билан ҳаж мавсумидан бошқа пайтда махсус амаллар билан Масжидул-Ҳаромни зиёрат қилиш назарда тутилади. Умра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатлари ва улуғ ибодат ҳисобланади.

Қуръони Каримда: “وَأَتِمُّوا الْحَجَّ وَالْعُمْرَةَ لِلَّهِ” яъни: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун тўкис адо этинг”, (Бақара сураси,196-оят)деган ояти каримада ҳам ҳаж зиёрати билан умра зиёратини бажарилишга ундалган.

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйлаб ҳар куни замонавий Боинг авиалайнерлари орқали рейслар йўлга қўйилган.

Айни пайтда Бухоро, Тошкент вилояти ва Фарғоналик юртдошларимиз Мадина ва Макка шаҳрида зиёрат ва ибодатларини адо этмоқдалар.

Таъкидлаш керакки, сафар чоғида Мадина, Макка ва Жидда шаҳарларида расмий хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сафарбар этилган юқори малакали шифокорлар ва тажрибали имом-хатиблар 24/7 соат давомида узлуксиз хизмат кўрсатмоқдалар. Кўп йиллик тажрибадан келиб чиқиб ҳар бир авиарейс шифокор ҳамроҳлигида амалга оширилмоқда.

Зиёратчиларимиз яратилган шарт-шароитлардан мамнунлар. Уларнинг соғлиқлари ўзбекистонлик шифокорларимиз томонидан мунтазам назорат остида. Шунингдек, 3 маҳал иссиқ овқат, жумладан масофа тафовутини ҳис қилмасликлари учун ўзимизнинг миллий овқатлар ҳам юртдошларимизга тортиқ этилмоқда.

Муқаддас масканда зиёратчиларимиз юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва оилаларининг бахту-саодатини тилаб дуолар қилмоқдалар.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати