Куни кеча Мадина шаҳрига ташриф буюрган юртдошларимизни 5 юлдузли “Pullman Zamzam” меҳмонхонасида ҳамкор ширкат “ал-Ҳидоя” вакиллари юқори савияда кутиб олдилар. Меҳмонхонада барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийга жуда яқин жойда жойлашган бўлиб, ўз навбатида юртимиздан борган зиёратчиларга беш вақт намозларини Ҳарами шарифда ўқишлари учун имкон яратмоқда.

Юртдошларимизга тажрибали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда юртимиздан борган малакали шифокорлар туну кун хизмат кўрсатмоқдалар. 

Зиёратчиларимиз дастлаб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак қабрлари жойлашган равзани зиёрат қилдилар. 

Шунингдек,  улар бугун Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Уҳуд тоғи этагидаги саҳобалар дафн этилган муборак қадамжоларни ҳам бориб кўрдилар. 

Юртдошларимизнинг барчалари соғ ва саломат ва ўз зиёрат ва ибодатларини тўла-тўкис адо этмоқдалар.  

Дин ишлари бўйича матбуот хизмати