Бугун “International Hotel Tashkent” меҳмонхонасида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирни Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Курбанов кириш сўзи билан очиб, конференция қатнашчиларини 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” билан табриклади.

Таъкидлаш керакки, бу галги тадбирда халқаро, нуфузли ташкилотларнинг етакчи вакиллари иштирок этдилар. Хусусан, Россия Федерациясининг МДҲ, чет элда яшаётган ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик ишлари бўйича федерал агентлик ("Россотрудничество") раҳбари ўринбосари М.Брюханов ва Хитой Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик алоқалари жамияти Бош котиби Ху Чуньмэй ва бошқалар.

Шунингдек, конференцияда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов иштирок этди ва нутқ сўзлади.   

Тадбир давомида Марказий Осиё давлатларининг минтақавий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар соҳада алмашинувни кенгайтириш, икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда халқ дипломатияси ролини кучайтириш, халқ дипломатиясини амалга оширишда миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятларининг аҳамияти ва улар олдида турган вазифалар ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

Мазкур тадбирлар аҳолининг, айниқса ёшларнинг жамият ривожидаги иштирокини фаоллаштириш, уларни республикада истиқомат қилаётган миллатлар тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини асраш, республикамиз равнақи ва ривожидаги ҳиссадорлигини ошириш, уларда ватанпарварлик, миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенглик ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Ҳафталик тадбирлари доирасида “Марказий Осиё – умумий уйимиз” халқаро конференцияси иштирокчиларининг Самарқанд шаҳрига сафари уюштирилади. Сафар давомида Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи миллий маданий марказлар вакиллари билан учрашувлар ташкил этилади.

 

 

Дин ишлари бўйича қўмита

матбуот хизмати