Бугун 14 ноябрь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 230 нафардан иборат дастлабки (5 нафар ишчи гуруҳи, 1 нафар шифокор) гуруҳи Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун Тошкент халқаро аэропортидан кузатиб юборилди.

Умра мавсумини намунали ташкил этиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида тузилган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Жорий йил давомида ҳафтада етти марта амалга оширилиши белгиланган бўлиб, зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи ва имом-хатиблардан иборат гуруҳ раҳбарлари (элликбоши) ҳамда малакали шифокорлар хизмат кўрсатади.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий” билан чегарадош бўлган “Пулман зам-зам”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 600-700 метр узоқликда жойлашган “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатади.

Меҳмонхоналар 4-5 юлдузли бўлиб, зиёратчиларимиз ҳордиқ чиқаришлари ва ибодатларни эмин-эркин бажаришлари учун барча шароитлар муҳайё қилинган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча - 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганларидан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда зиёратчилар учун ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар, турли ичимликлар ва ширинликлар тортиқ қилинади.

Меҳмонхоналарда зарур дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғлиқларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида фаолият юритади.

Зиёратчиларимиз Мадина ва Макка шаҳарларидаги барча Умра амалларни бажариб бўлганларидан сўнг мамлакатимизга қайтиб келадилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати