22 декабрь куни Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади. Сайлов бўлиб ўтадиган куни Россияда бўлиб турган ўзбекистонлик сайловчилар овоз бериш учун қаерга боришади? 

Россия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари 22 декабрь куни соат 8:00дан 20:00гача Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Владивосток, Ростов- Дон, Новосибирск ва Екатеринбург шаҳарларидаги дипломатик миссия ва бош консулхоналарда ташкил этилган махсус сайлов участкаларида овоз беришлари мумкин.

Бунда, консуллик ҳисобида турмайдиган шахслар тегишли сайлов участкасида овоз бермоқчи эканлиги тўғрисида сайлов ўтказиладиган кундан камида 15 кун олдин хабар қилишлари даркор – сайловчилар рўйхати 7 декабргача тузилади.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Россия федерациясидаги дипломатик миссияси вакиллари Россия ҳудудида бўлиб турган ватандошлар билан учрашувлар ўтказмоқда. 

Талабалар, меҳнат мигрантлари, иш юзасидан Россия ҳудудида бўлиб турган ўзбекистонликлар ахборот платформалари орқали ҳам овоз бериш тартиби ва сайловчи ҳуқуқлари тўғрисида маълумотга эга бўлишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 22 декабрда бўлиб ўтадиган сайловларда Экологик партия, Халқ демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси иштирок этади.

 

Манба: kun.uz

Дин ишлари бўйича Матбуот хизмати