Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ўмон Султонлигининг юртимиздаги элчихонаси ташаббуси билан “Бағрикенглик, ўзаро англашув, бирдамлик ва тотувлик” мавзусида бўлиб ўтган “Ўмон ислом рисоласи” халқаро кўргазмаси ўз ишини якунлади, дея хабар беради Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати. 

Кўргазманинг ёпилиш маросимига бағишланган расмий тадбирда Ўмон Султонлигидан келган “Ўмон ислом рисоласи” кўргазмаси ташкилотчилари, юртимиздаги кўплаб нуфузли ташкилот ва элчихоналар масъуллари ҳамда академия профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори  Ш.Ёвқочев сўзга чиқиб, кўргазма муваффақиятли ўтгани билан барчани самимий табриклади.

Бундай маърифий тадбирнинг юртимизда, жумладан, академияда ўтказилгани Ўмон Султонлиги ҳамда юртимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам эканидан далолат беради, — деди ўз сўзида ректор, сиёсий фанлар доктори, профессор Ш.Ёвқочев, — Кўргазма доирасида ташкил этилган барча тадбирлар иштирокчилар қалбига ўзаро дўстлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик туйғуларини жойлагани билан аҳамиятлидир. Ўйлайманки, “Ўмон ислом рисоласи” қалбларимизга кўчиб, барчамизни яна бир бор эзгу туйғуларга ҳамроҳ этди.

21 — 25-октябрь кунлари кўтаринки кайфиятда давом этган мазкур кўргазма талаба-ёшлар ва қизиқувчилар учун самарали ўтди. Айниқса, талаба-ёшларнинг ижодкорлик қобилиятини рағбатлантиришга хизмат қилган “Бағрикенгликни тарғиб қил!” кўрик-танлови барчанинг қизиқишини оширди. Танловда 80 нафар иштирокчининг юздан ортиқ ижодий ишлари кўриб чиқилди. Якунда нуфузли танлов ҳайъати аъзолари 4 нафар иштирокчининг ижодий ишини совринли ўринларга лойиқ топди.

Танловда мавзуга доир “Энг таъсирли видео-ролик” йўналишида Ўзбекистон халқаро ислом академияси талабаси Иброҳим Мамараилов, “Энг таъсирли фото-сурат” йўналишида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти талабаси Шаҳзод Тўйчиев, “Энг яхши тасвирий санъат асари” йўналишида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Фазилатхон Муҳамедова ҳамда “Араб хаттотлик санъати” йўналишида Фазлиддин Пўлатов ғолиб бўлди.

— Юртингизда “Ўмон ислом рисоласи” халқаро кўргазмасининг кўтаринки руҳда ўтказилгани, барчада катта таассуротларни қолдирди, — дейди Ўмон Султонлигининг юртимиздаги элчиси Аҳмад ал-Қосирий жаноблари. — Бу каби тадбирлар жуда кўплаб давом этиши, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарининг янада бардавом бўлишида, албатта, хизмат қилади.

Тадбир якунида кўргазма фаолиятида доимий равишда фаол бўлган бир гуруҳ устоз-мураббийлар, ходимлар, талаба-ёшлар Ўмон Султонлигининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Дин ишлари бўйича матбуот хизмати