Сўз эркинлиги — демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири ҳисобланади. Шу маънода бугун мамлакатимиз медиа маконида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Буни сўнгги икки-уч йилда оммавий ахборот воситалари мазмун-моҳиятидаги янгиликлар, айниқса, нодавлат интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқлар фаолиятидаги фаолликда ҳам кузатиш мумкин.

Албатта, мамлакат ва хорижда бўлаётган бирор янгилик, ислоҳот ёки ўзгариш юзасидан ҳар кимнинг ўз мустақил фикрини ифодалаши, давлат ва жамият тараққиётига ўзини дахлдор сезиши фуқаролик жамиятининг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Аммо, бугун айниқса, ижтимоий тармоқларда кўтарилаётган масалалаларнинг моҳиятини тўлиқ англамасдан, шунчаки ўзини кўрсатиш учун сўзга нисбатан ҳам масъулиятсизлик билан муносабат билдириш ҳолати кўпаяётгани кишини ўйга толдиради. Чунки ушбу чиқишларнинг аксариятида жўяли фикр ёки холис муносабатдан кўра бирор шахс шаъни ва нафсониятини топташ, ҳақоратлаш каби салбий жиҳатлар бўртиб қолмоқда.

Шунга кўра, биз Ўзбекистон халқаро ислом академияси Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ISESCO кафедраси доценти, тарих фанлари доктори Илҳом БЕКМИРЗАЕВ билан суҳбатда бўлиб, сўз эркинлиги, унинг масъулияти хусусидаги фикрларига қизиқдик. 

 

Устоз, аввало, бугунги кунда мамлакатимизда сўз эркинлиги ва унга риоя этилиши борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда унинг инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни хусусидаги фикрингизни билдирсангиз.

Ҳозирда глобаллашув шароити, инсоният жамияти тез фурсатлар билан тараққий этиб бораётган бир замонда яшаяпмиз. Сўнгги уч йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги борасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, давлатимиз раҳбари томонидан муҳим қарор ва фармонлар имзоланди.

Айниқса, Президентимиз томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида барча соҳада ислоҳотлар олиб бораётгани дунё жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Бу билан давлат идоралари масъуллари қишлоқ, овулларга бориб, ҳар бир маҳалла, хонадонда бўлиб, халқнинг муаммоси, оҳу-зорини эшитиб, неча ўн йиллар давомида ечимини кутиб ётган масалаларни ижобий ҳал этишга киришди. Мазкур жараёнлар Ўзбекистонда сўз эркинлиги, инсоннинг қадр-қиммати борасида ўзига хос янги ислоҳотлар даври бошланганидан дарак эмасми?! Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхонаси” очилиши баробарида ижтимоий тармоқларда ҳам “Президент портали” фаолиятининг йўлга қўйилгани эътиборлидир. Бу билан ҳар битта давлат идорасида халқ фикри, саволларини эшитадиган ҳамда уларга ижобий ечим ва жавоб берадиган яхлит тизим яратилгани сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари борасида ўзига хос муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Шуни айтиш жоизки, буюк ислом олимларидан бири Рамазон Бутий ҳазратлари ҳам “Сўз эркинлиги жамиятни ислоҳ этишда адолат принцип сифатида муҳим ўрин тутади”, деганлари эътиборлидир.

 

Сўз эркинлигини суиистеъмол қилишнинг ёшлар тарбияси, давлат ва жамият ривожига салбий таъсири қандай?

Юртимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Уларни ҳар бир соҳада юксак маданиятли ва маънавиятли, бошқа мамлакатлардаги тенгдошлари билан рақобатлаша оладиган кадрлар этиб тарбиялаш ҳозирги кунда давлатимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири.

Бугун нафақат ёшлар, балки барчамиз ҳам ўзимиз учун зарур маълумотни кўпинча интернат сайтлари орқали оляпмиз. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалаётган юртимизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабатимизни билдиргимиз келади. Лекин бир мусулмон инсон сифатида кечаётган жараёнларга ҳох у ички бўлсин, ҳох у ташқи бўлсин холис ёндашишда ўзига хос Аллоҳ ва унинг Расули томондан бизга ўргатилган тавсиялар бор. Биз бунга риоя этишимиз зарур.

Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган, бир мусулмон инсоннинг билиб-билмай қилган хатосига ёки жамиятдаги кичик бир муаммони илгари суриб, кўплаб билдирилаётган салбий фикрларга эргашиб кетмаслик керак. Кейинги пайтларда нафақат ёшларимиз, балки ёши катталаримиз ҳам бундай хатоларга йўл қўймоқда. Натижада ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз тарбиясида турли ўзгаришлар юзага келяпти. Буни биз ижтимоий тармоқлардаги одобсиз, ахлоқсиз муносабатларда кўриб турибмиз. Албатта, бу каби ҳолатларнинг тобора кескинлашуви жамият тараққиётига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Миллий маданиятимиз ва муқаддас ислом динида бундай ҳолатга қандай муносабат билдирилган?

Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳнинг бирортани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас. Яна Солим айтади:“Абдуллоҳ ибн Умар:“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин киши лаънатчи бўлмайди”, деганлар”, дер эди”. Ровийнинг оталари, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу буюк саҳобалардан бўлган тақводор зот эдилар. Барча саҳобалар каби у зотнинг сифатлари ҳам сиз билан биз — мўминлар учун ўрнак сифатлардан ҳисобланади.

Иккинчи яна бир ҳадис орқали бу фикрни мустаҳкамлайдиган бўлсак, Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳу соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ фаҳш иш қилувчи ва фаҳш сўз айтувчини ҳамда бозорларда бақир-чақир қилувчини севмайди”, — дедилар”. Бунга кўра Расулуллоҳ айтдиларки, Аллоҳ таолло фаҳш, бузуқ ишларни, бузғунчи, бузуқ бўлган кимсаларни ва тилидан фақат уятсиз, шарму-ҳаёсиз, бехаё гаплар, сўзлар чиқиб юрадиган инсонларни яхши кўрмайдилар.

Агар ушбу ривоятнинг маъносига қарайдиган бўлсак, интернет тармоқлари орқали баъзи бир ёшлар куракда турмайдиган қўпол сўзларни айтиб, бир инсонга лаъанат ўқиш, бир инсоннинг қилган хатосини, демак уни оғир кофурда, мурдадда айблаб, яқинларини сўкиши мусулмончиликка хос тушунча эмас.

Келинг, мана шу ерда “лаънат” сўзига урғу берайлик. Лаънат нима? Лаънат бу — ислом дини нуқтаи назаридан, илмий истилоҳда Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишни тилаш, дегани. Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишни тилаш мусулмоннинг орзу-умидига, эътиқодига хос бўлган тушунча эмас.

Инсон, энг аввало, ўзи яхши кўрган нарсаларни бошқаларга ҳам раво кўриш керак. Оила аъзоларига жаннатни, Аллоҳнинг ризолигини, фарзандларининг комил инсон бўлишини истаяптими? Демак, хато қилган биродарига ҳам энг яхши тилакларни билдириши зарур. Негаки, у билмайдики, қиёматда у ҳақиқий мусулмонми ёки бу ҳақиқий мусулмон бўлиб етиб борадими, биз учун бу нарса қоронғу. Чунки машаққатли ҳаёт ҳали олдимизда. Эртага ким мусулмон ҳолатда, ким кофир ҳолатда, ким фосиҳ ҳолатда ўтишлигини билгувчи ёлғиз Аллоҳнинг ўзидир.

Абу Дардодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўла олмайдилар", — дедилар". Яъни қиёмат кунида лаънатчи одамлар олий мартабага эриша олмас экан. Бу дунёда беодоб, бадхулқ киши сифатида ном қозонган, обрўсини йўқотган одамларнинг аҳволи у дунёда яна ҳам оғирроқ бўлиб, қиёмат кунида на шафоати, на гувоҳлиги қабул бўлмайди. Бу ҳаётда кўп, балки кам умр кечирар эканмиз, авваламбор ҳар биримиз ўзимизни сарҳисоб қилишимиз зарур. Халққа, миллатга, Ватанга қайсидир йўллар билан бўлса ҳам, Аллоҳнинг ризолигини топиш йўлида одамларнинг оғирини енгил қилиш энг катта улуғ хизматлардан саналади.

Келинг, яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисга мурожаат қилайлик. У киши: “Агар соҳибинг айбларини гапирмоқчи бўлсанг, аввал ўз айбларингни ўйла”, деди. Бу хитоб ўзини билган, тушунган ҳар бир одам учун бировнинг айбини эслаш, уни бошқаларга тарқатишдан қайтаришдир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу кўпчиликка ана шундай насиҳат қилган эканлар.

Ўзимизда кўп айб, нуқсонлар бор. Ҳаётимизда қанча-қанча хатоларга йўл қўямиз. Авваламбор, инсон ўзининг хатоларини сарҳисоб қилиб, айбларини ислоҳ қилишга ҳаракат қилса, ўша инсон хулосасидан бошқа кишилар тўғри намуна олади. Бизда эса бу кўринишлар тезкари суратда акс этмоқда. Айбимиз, нуқсонимиз бўла туриб, ҳали мусулмончилик қоидаларини, ислом одобини тўлиқ тушиниб етмаймизу, сўз эркинлиги менга берилган бир имконият деб, жамиятда қилинган битта хатони бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Ўшанда ўзимизни хаттоларимиз, нўқсонларимиз кўзимизга кўринмай қолади.

Дунё илми фани ривожига улкан ҳисса қўшган аллома боболаримизнинг бу борадаги фикрлари қандай бўлган?

Сўз — бу отилган ўққа ўхшайди. Пайғамбар аллайҳи салом ҳадисларига қарайдиган бўлсак, “Бу сўз сенга омонат”. Шунинг учун сўзни гапираётганингда жуда эҳтиёт бўлиб гапир. Агар, сўзни оғзингдан чиқардингми у тўғрими, хатоми, фитнами, фитна эмасми, бузуқми, беҳаёми эртага ўша сўз сени ўзига аср қилиб олади, дейилади.

Кўряпсизми муммо қаерда? Демак, халқимизнинг “Етти ўлчаб бир кескин”, деган нақлига риоя этиш лозим. Ҳар битта сўзни, айниқса, бизни ёшларимиз ўйлаб гапириши, гапирганда ҳам ўша сўзни мазмун-моҳияти эртага қаерга етиб боради ва бундан кутилаётган натижа қандай бўлади, дея ўйлаши керак. Сўзни ишлатиш, гапиришда ҳам инсондан катта маҳорат талаб этилади.

Мовароуннаҳр неча асрлардан бери ислом дунёсига илм-зиёси билан машҳур бўлган. “Мовароуннаҳр диёри” деганда, бошқа мусулмон дунёси ва Ғарб жамиятлари “Уламмолар замини”, дея эътироф этган. Биз ҳозирги кунда шу уламоларга хос ва муносиб ёшлар бўлоляпмизми? Мана бу масъулиятли савол.

XII асрда Бухорода Имом Заранжарий деган машҳур бир фақиҳ олим яшаб ижод этган. У киши “Шамсулаимма” яъни, “Уламо (олимлар) қуёши” мақомида буюк фақиҳ аллома бўлган. Бухорода шу даражада обрў қозонган эдиларки, мана бу алломани ҳар битта гапирган гапи фатво ўрнида бўлган. Айнан ушбу алломанинг бир фикри ҳозирги кундаги бу борадаги баҳс-мунозараларга ечим берадигандай. Яъни, “Авомнинг (бу ўринда “авом” дегани, диний билими ёки умуман, илм ва савияси паст бўлган инсон) дин борасидаги айтган гапи уламолар наздида қабул қилинмайди. Унинг учун энг афзал ҳолат сукут сақлашдир. Ва, унинг жавобини олимлар ихтиёрига шу соҳанинг мутахассислари ихтиёрига топшириб қўйишдир”, деганлар.

Интернет тармоғи бу — океан. Бу ерда қанча-қанча ахборотлар, маълумотлар сузиб юрибди. Лекин бундан энг муносибини танлаб олиш учун инсондан илм, маҳорат, тажриба талаб этилади. Яна ўша алломамиз Имон Заранжарийнинг гапларига эргашадиган бўлсак, бирор нарсага муносабат билдиришда эҳтирос, ҳиссиётга берилиб кетмасдан сукут сақлаш ва унинг ҳикматини, жавобини Аллоҳ таоллонинг ризолигидан топиш керак. Шунда энг маъқул ва энг афзал йўл шу бўлади, дейдилар. Чунки эртага эҳтиросга, ҳиссиётларга берилиб кетиб жамиятда баъзи бир фитналарга сабабчи бўлиб қолса, оқибат унинг ортидан келадиган зиён-зарарига қиёматда ўша инсоннинг ўзи жавобгар бўлиб қолиши мумкин.

Шунинг учун исломиятнинг бошқа мафкура ва динлардан фарқли жиҳати ҳам АҚЛ устига қурилганидадир. Ҳар битта оят, ҳадис, алломаларнинг фикри инсонни, айниқса, мусулмонни ақл юргизишга, фикр қилишга чорлайди.

 Ислом кўз-кўрона, тақлидан фикр беришини қоралайди. Ҳар доим чуқур мулоҳаза қилишга ҳаттоки, сўз эркинлиги борасида ҳам етти ўлчаб бир кесиб, ақлий далил, ҳаётий тажрибалардан келиб чиқиб, оят ва ҳадисларга шарҳ ва мазмун беришга ундайди. Бир сўз билан айтганда, мусулмон одам айниқса, Ўзбекистон ёшлари динда, эътиқодда шу давлатнинг ривожланиши, равнақи йўлида бирдам, якдил бўлса, фикри, ғояси, мақсади, бир жойдан чиқса, шунда давлатимизнинг ютуғи, келажаги порлоқ бўлади.

 

ЎзХИА Илмий тадқиқотлар ва
инновацион лойиҳалар маркази