Муҳтарам Президентимизнинг топшириғига кўра, мутасадди ташкилотлар Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда Ироқ ҳудудида оғир шароитда қолаётган 64 нафар болани Ватанимизга қайтаришга муваффақ бўлди.

“Меҳр 2” деб номланган ушбу инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 35 нафар ўғил ва 29 нафар қиз болаларнинг орасида 16 нафар 3 ёшгача бўлган норасида ва 2 нафар етим болалар бор.

Шу жумладан, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилояти, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан 10 нафардан, Хоразм вилоятидан 7 нафар, Сурхондарё вилоятидан 6 нафар, Фарғона вилоятидан 4 нафар, Наманган вилоятидан 4 нафар, Бухоро 2 нафар ва Жиззах вилоятидан 1 нафар болалар сарсон-саргардонлик ва хор-зорликдан қутқариб келинди.

Таассуф билан таъкидлаймизки, мазкур болаларнинг шу куйга тушишига уларнинг ота-оналари босган нотўғри қадам сабаб бўлди. Бузғунчи кимсаларнинг сохта даъволарига учган бу ота-оналарнинг айримлари охир-оқибатда аянчли ўлим топишган бўлса, қолганлари Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўташмоқда. Афсуски, ёшларимизнинг мутаассиб ғояларга эргашиб кетишига яқинларимизга бефарқлигимиз, ҳушёрлик ва огоҳликни йўқотиб қўйишимиз ҳам сабаб бўлади.

Ҳозирда қутқариб келинган болалар барча шинам шароитлар яратилган соғломлаштириш муассасига жойлаштирилди. Мутахассислар томонидан уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Сиҳатгоҳда болалар иссиқ овқат, янги кийим-бош ва зарур буюмлар билан таъминланган.

Ушбу эзгу иш шу норасидалар бизнинг фарзандларимиз, уларни қийин шароитлардан қутқариб, бағримизга босиш керак, деган олийжаноб ғоя асосида амалга оширилди. Зеро, болаларга меҳр-оқибат кўрсатиш, бағрикенглик ва олийжаноблик муқаддас ислом динимиз ҳамда миллий қадриятларимизнинг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.

Юртимизга олиб келинган болалар келажакда илмли, маърифатли, зиёли, ватанпарвар ва фидоий инсонлар бўлиб камол топишсин.

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати