Воҳа гултожи бўлган Сурхондарё, унинг юраги бўлмиш кўҳна Термиз ўзининг бой тарихи, дунёга машҳур олиму фузалолари билан тарих саҳифаларига, аллақачон, зарҳал ҳарфлар билан битилган дурдона шаҳарлар сирасига киради.

Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бу заминда қўним топган бир қатор алломаларнинг қадамжолари, мақбаралари обод қилиниб, зиёратгоҳга айлантирилди.

Бугун мазкур гўшалар ўзининг салобати ва сержилолиги билан нафақат юртимиз, балки хорижлик зиёратчиларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бир сўз билан айтганда, кўҳна воҳанинг гултожи бўлган Сурхондарё дунёнинг кўзга кўринган олиму уламолари, жаҳонгашта сайёҳларининг ташриф манзилига айланиб улгурди.

Мазкур вилоятда барпо этилган Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, янгидан қурилган масжидлар ва давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан ташкил этилган “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган хайрли ишларни кўздан кечириш мақсадида, бугун 10 октябрь куни, эрта тонгда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Сурхондарё вилоятига жўнаб кетишди.

Улар манзилга етиб боришгач, ўз сафарларини улуғ бобокалонимиз Ҳаким ат-Термизий қабрининг зиёрати билан бошлашди. Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, якунда юрт ободлиги, халқимиз фаровонлиги, миришкор деҳқонларимизнинг ҳосилларига баракалар тилаб эзгу дуолар қилинди.

Маълумки, буюк мутафаккир зиёратгоҳи сўнгги йилларда вилоятдаги энг обод, энг кўркам масканлардан бирига айланди. Муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари асосида ушбу қадамжода кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Мақбаранинг ички қисми тўлиқ реконструкция қилинди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовнинг Сурхондарё вилоятига сафари давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати