Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Араб тилини ўқитиш бўйича Подшоҳ Абдулло ибн Абдулазиз номидаги Араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази мутахассислари томонидан араб тили педагоглари учун семинар-тренинглар олиб борилмоқда, деб хабар беради Академия матбуот хизмати.

“Тил билган — эл билади”, дейди доно халқимиз. Ўз она тилидан бошқа яна бир ўзга эл, юрт дили ва қалбига яқинлик эса дунёни теранроқ англашга кўмакчи бўлиши шаксиз. Зеро, тил — дил таржимони ҳамдир. Шу маънода, бугун дунёда кечаётган глобалашув жараёни асносида халқларнинг ўз тили ва маданиятини сақлаб қолиши ва тараннум этишида ҳам хорижий тилларни қиёсий ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўқитувчи-талабаларнинг ўз она тилидан ташқари Европа ва Шарқ халқлари тилларини чуқур билишига алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу жиҳат юртимизўқитувчи ва ёшларининг илм-фаннинг барча соҳаларида дунё олимлари билан тенг мулоқотга киришиб, ўз билимларини намоён этишларида асқотиши табиий. Албатта, хорижий тилларни ўрганишда етук мутахассислар қаторида ўша, тили ўрганилаётган элат вакили билан ҳам бевосита мулоқот қилиш ўзига хос самарали методлардан ҳисобланади.

Шу боис Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан Саудия Арабистони давлатидаги Подшоҳ Абдулло ибн Абдулазиз номидаги Араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган. Ҳозирда ушбуяқин муносабатлар асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг араб тили педагоглари учун хорижий марказ мутахассислари томонидан Араб тилини ўқитиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

  • Хорижий тилларни ўқитишда чет эллик мутахассислар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, — дейди З.Исломов. — Шу маънода, ёшларимизгаараб тилини ўргатишда академия профессор-ўқитувчилари билан Араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази мутахассисларининг ўзаро ҳамкорлиги бизни ҳам мамнун этади. Зеро, тарихга назар ташласак, Араб тилшунослиги ва грамматикасини ўқитишга доир энг асосий асарлар бобомиз Аз-Замахшарий ижодида салмоқли ўрин эгаллаши халқимизга фахр бағишлайди.

Мазкур семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад ноараб тингловчиларга тилни ўқитишда араб тилининг асосий принциплари ва замонавий педагогик методларидан хабардор этиш ҳамда уни таълим жараёнига самарали татбиқ этиш бўйича янги услубларни ўрганишдан иборат. 

Мазкур дастур араб тили бўйича таълим берувчи ўқитувчиларга мўлжалланган бўлиб, Европа Кенгашининг “Чет тилини эгаллаш умумевропа компетенциялари: ўрганиш, ўқитиш ва баҳолаш” тўғрисидаги умумэътироф этилган халқаро меъёрлари (CEFR – Common European Framework of Reference) бўйича янги билимлар беради. Унда чет тилини ўзлаштириш даражаси “А1 - бошланғич” босқичдан бошлаб “В2+ тилни мустаҳкам эгаллаш ва эркин мулоқот қила олиш” босқичигача бўлган кўникмалар доирасида таълим бериш усуллари ва йўлларининг замонавий усуллари тавсия этилади.

Саудия Арабистони давлатидаги Подшоҳ Абдулло ибн Абдулазиз номидаги Араб тилига хизмат қилиш халқаро маркази профессори Ҳасан Алшамрани томонидан ўтказилаётган араб тили семинар-машғулотлари20 соатга мўлжалланган бўлиб,7-11-сентябрь кунлари давомида бўлиб ўтади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати