Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар?

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.

Динийи стилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир”(Имом Бухорий ривояти).

Уламолар мазкур ҳадисга асосланиб саодат асрида ва ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб тавсифлайдилар. Кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан бу атама қўлланилмайди. Таъкидлаш лозимки, мазкур уч даврда яшаган барча инсонлар ҳам “салафи солиҳ”лар дейилмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан сўнг турли фитначи, бузғунчи тоифалар чиқди.Уларга нисбатан “салафи солиҳ” ибораси қўлланилмайди.

Аҳли сунна валжамоа анъанасига кўра, салафи солиҳлар давридан кейин яшаган мусулмонлар “халафлар”, яъни “кейингилар” деб аталади.

Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар. Уларнинг фикрича, салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотнинг турли шакллари авж олди. Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидадир, деб таъкидлайдилар.

Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар:

– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар;

– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;

– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;

– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

Ҳадисларда шундай матнлар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.

Ҳазрат Билол розияллоҳу анҳу бомдод намозига азон айтаётганида “ас-солату хойрум минан-навм” жумласини қўшиб айтдилар. Пайғамбар алайҳиссалом буни қўллаб-қувватлаб, ҳатто доимо айтишни жорий қилганлари бидъат”тушунчаси ҳақида кенгроқ тасаввур ҳосил қилишга кўмак беради.

Уламолар юқоридаги ҳадисларда келган “бидъат” сўзини ўрганиб, унинг луғавий ва истилоҳий маъноларини қуйидагича талқин қилганлар: “Бидъат” луғатда олдин бўлмаган бирор нарсани пайдо қилишдир. Бунга Пайғамбар алайҳиссалом ва халифалардан кейин пайдо қилинган нарсалар ҳам киради. Шунингдек, у яхши ва ёмон бўлган, ибодат ёки ибодат бўлмаган нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади”. “Сохта салафийлар” бу борада ўта тор йўл тутиб ҳар қандай турлардаги янгиликларни бидъат ва залолат деб баҳо берган.

Аммо Ислом уламолари бу борада кенгроқ мушоҳада юритишади.Имом Шофеий бундай деганлар: «Янги пайдо қилинган ишлар икки хил бўлади. Биринчиси, Қуръон, суннат, асар (саҳобий ва салафи солиҳлар сўзи) ёки ижмога хилоф бўлган янгиликлар бўлиб, бу “бидъати саййиа”, яъни ёмон бидъат ҳисобланади. Иккинчиси, яхши нарсалар учун пайдо қилинган ишлар бўлиб, “бидъати ҳасана”, яъни яхши бидъат ҳисобланади”.

Бидъати ҳасанага тарихдан кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мусулмонларни Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг орқасидан жамоат бўлиб таровиҳ намозини адо этаётганларини кўриб: “Бу қандай ҳам яхши бидъат”, деганлар.

Шунингдек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Қуръони каримни китоб ҳолига келтириб, жамлаганларини кўриш мумкин.

Замонамиз уламоларидан Имом Ноблусий бундай ёзади: «Бугунги кунда дунё каттадан-катта ўзгаришлар, тараққиётни бошидан кечирмоқда. Инсон ақлини шошириб қўядиган янги ихтиролар дунё юзини кўрмоқда. Хўш, Расулуллоҳ алайҳиссалом:“Ҳар қандай бидъат залолатдир”, деган ҳадисларида айтилган “янгилик”да айнан шуларни назарда тутганмилар?! Йўқ, албатта. Расулуллоҳ алайҳиссалом назарда тутган бидъат бу – ақоид, шариат ёки ибодат масаласида унда бўлмаган бирор нарсани қўшишдир».

Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қораланган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинса-да, аслида диндан бўлмаган тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: “Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга монандлик қасд қилинади”, деган. Баъзилар уни фақат ибодат билан чегаралаганлар. Бу каби бидъат “Ҳар қандай бидъат залолатдир” деган ҳадисга мувофиқ доимо қораланади. Бу хусусда Имом Молик бундай деган: «Ким яхши деб ҳисоблаб, исломда бидъат пайдо қилса, демак у «Муҳаммад алайҳиссалом ўзлари олиб келган рисолатга хиёнат қилган» деб даъво қилибди». Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: «...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...» (Моида сураси, 3-оят).

Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, у янгилик “бидъати саййиа” ҳисобланади ва шу бидъат қораланади.

Бошқача айтганда, “бидъати залолат” фақат дин асосларига оид масалаларда бўлади. Юқорида келтирилган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: «Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса...», яъни ишдан мақсад Расулуллоҳ алайҳиссалом ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоасининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъни, ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса, бунга эътироз йўқ.

Шу ўринда қуйидаги воқеани келтириб ўтиш ўринли. Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом хурмони чанглатаётган одамлар олдидан ўтиб қолдилар ва уларга бундай қилишга ҳожат йўқлигига ишора қилдилар. Улар Расулуллоҳ алайҳиссаломга итоат этдилар, лекин ўша йили хурмо аввалгидек яхши ҳосил бермади. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз», деб айтдилар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасидан яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръий ҳалолдир.

Хулоса қилиб айтганда, Исломдаги ҳар бир янгилик агар у диндаги муқаррар қонун-қоидаларга хилоф бўлмаса, “бидъати залолат” ҳисобланмайди. Сохта салафийлик Ислом дини таълимотларига зид бўлиб, мусулмонларнинг дунёвий соҳаларда тараққиётга бўлган интилишига тўсқинлик қилувчи йўналишдир. Улар мўмин-мусулмонлар ўртасида уруш, низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Ваҳоланки, динимиз ўз номи билан фақат эзгуликни тарғиб қилади.

 

Жамолиддин КАРИМОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар маркази директори