Сўнгги йилларда мамлакатимизда мустақиллик байрами тантаналарини муайян бир ғоя, эзгу ҳаракат остида нишонлаш анъанаси халқимиз ҳаётининг маънавий юксалишида ўзига хос замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Албатта, бундайин эзгу ғоялар мамлакат аҳолисининг истиқлол йилларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, эришган ютуқлари ва эришажак мақсадларини сарҳисоб қилишга ундайди.

Бугун, 5 сентябрь куни Ҳадис илми мактабида мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги ва 2019-2020 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Мустақиллик дарси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Самарқанд вилояти ҳокимлиги раҳбар ходимлари иштирок этишди.

Шунингдек, “Нуронийлар” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳ.Нормурадов, Самарқанд Давлат университети ректори тех.ф.д., проф. Р.Холмуродов ҳамда Самарқанд вилоятидаги зиёлилар тадбирга файз бағишлашди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Анъанага кўра Қуръони карим тиловат қилиниб, дуода янги ўқув йили талабаларга учун сермаҳсул бўлиши сўралди. Сўзга чиққанлар янги ўқув йилида талабаларга омад ва зафарлар тилаб, ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини уқтириб, аждодларга муносиб авлод бўлиш лозимлигини таъкидладилар.

Тадбирда Олий даргоҳнинг талабалари ҳам сўзга чиқиб, Ҳадис илми мактабининг ўқув хоналари, спорт зал, ёпиқ сув ҳавзаси, ётоқхона ва ошхонада талабаларга яратилган шароитлар ва қулайликлар учун муҳтарам Президентимизга миннатдорлик билдирдилар.

Таъкидлаш жоизки, Ҳадис илми мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ- 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилган эди.

Маълумот учун, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, “Ҳадис илмлари, диний фанлар мутахассиси ва араб тилини ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлайди.

Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирт анъанаси асосида мазкур фан адабиёти бўйича республикамиз ва хорижий малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади. 

Ҳадис илми мактаби биноси Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ёни барпо этилган бўлиб, олий даргоҳда умумтаълим, хорижий ва мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ислом илми ривожига ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб бўлиши учун Мактабда талабаларга замонавий техникалар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, кутубхона, ёпиқ спорт зали ва сув ҳавзаси, ётоқхона ва шинам ошхона мавжуд.

Дин ишлари бўйича қўмита

Матбуот хизмати

 

Каналга уланиш: @dinqumita