Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йил 29 июль куни Сингапур “CrescentRating” агентлигининг мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтинги (1) юртимизга жорий этилиши муносабати билан тақдимот ўтказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди. 
Маълумот ўрнида: “CrescentRating” агентлиги Жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертлардан саналади. Ташкилот 2015 йилдан бошлаб “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур рейтингга  130 та мамлакат аъзо бўлиб,  унда 40 дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлар учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади. 
Рейтингга кўра юртимиз 2019 йилда “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 22-ўринда бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорилади дегани. 
Маълумки, жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташабуси билан Бухорода ўтказилган “II Халқаро зиёрат туризми форуми” доирасида қўмита ва “CrescentRating” агентлиги ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу халқаро ташкилот билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишув доирасида жорий йилнинг май ойида “CrescentRating” мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтингини мамлакатимиздаги туристик ташкилотларга жорий этиш юзасидан “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК билан шартнома имзолади. 
Мазкур баҳолаш рейтинги тизими ихтиёрийдир. Ундан фойдаланган исталган сайёҳлик ташкилоти мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан: 
“CrescentRating” агентлиги томонидан туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари (2);
  “ҳалол туризм” йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирма;
   туристик хизматларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш;
   маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларга жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш...
Ушбу рейтинг хизматларидан сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкин.
Рейтингда мусулмон сайёҳлар учун юқорида келтирилган туристик манзиллардаги яратилган қулайликлар, уларнинг эҳтиёжлари инобатга олинганига алоҳида эътибор қаратилади. 
Маълумот учун, шу йил 29 июль куни соат 10:00 да “Citizen” меҳмонхонасида шу бўйича тақлимот маросими ўтказилади. Унда “CrescentRating” агентлиги Бош ижрочи директори Фазал Бахардин мазкур рейтинг тизими, мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари соҳасига оид консальтинг ва ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот беради. 

ДИҚ Матбуот хизмати