Оила ҳамда жамият устуни, ҳайтимизнинг файзи

ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш,

уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш

халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият

бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Чунки сизлар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли,

хонадонларимиз обод ва нурафшондир.

Ш.Мирзиёев

Аёл Аллоҳ таоло яратган нозик хилқат. Ислом динида аёлнинг шаъни, қадр-қиммати юксак даражаларга кўтарилади.

Қуръони каримнинг 35 та сура ва 100 дан ортиқ оятида аёл сўзининг ишлатилиши ва суралардан бири айнан “Нисо” яни “Аёллар” деб номланиши ва унда аёлнинг мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни, ҳақ-ҳуқуқлари батафсил баён этилиши аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин мисолидир.

Ислом дини аёлга тўлақонли инсон сифатида қараш масаласини ўртага қўяди. Шунингдек, аёл киши эркак кишидек, ҳақ-ҳуқуққа эга эканини эълон қилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бу тўғрисида: “Албатта, аёллар эркакларнинг ёрти қисмидир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).

Аёл ўз умри давомида ўрни ва вазифаси нуқтаи назаридан бир неча мақомларда бўлади. Жумладан, у Аллоҳ инъом этган суюкли фарзанд, оиладек масъулиятли қўрғонга бека, эркак киши учун солиҳа аёл, фарзандлари учун меҳрибон она ёки кимнидир опа-сингил бўлиб яшайди.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимнинг 3 та қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбиялаб катта қилса, жаннатга кириши муқаррардир, дедилар. Шунда бир киши: Ё Расулуллоҳ! Унинг қизи 2 та бўлса-чи – деб сўради. У зот (с.а.в.):
2 та бўлса ҳам”, дедилар.

Бу билан мусулмон кишининг қиз фарзанд ўстириши, катта қилиши орқали қанчалар шарафга эга бўлиниши эътироф этилмоқда.

Динимиз таълимоти эркакларга ўз аёллари билан хушмуомала бўлиб ҳаёт кечиришни буюради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло:

 “...Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”  (Нисо сураси, 19-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: Сизларнинг ичингиздаги энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганидир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло аёлларга она бўлишдек, шарафли ва ўта масъулиятли вазифани юклаган. Аёл киши аввало, Она сифатида қадрланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): “Жаннат – оналар оёғи остидадир”, - деб марҳамат қилганлар.      

Бугунги кунда оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларига жон куйдирмоқдалар.

Ҳаётда турмуш юмушларининг кўп қисми аёллар зиммасига тушади. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни улар ўргатадилар. Шундай экан, келажак авлоднинг баркамол бўлиши аёлларнинг ҳар жиҳаттан етук бўлишига боғлиқдир.

Бежиз ҳикматларда: "Ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор" дейилмаган.

Юртимизда ҳам аёлларнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлишлари, меҳнат ва касб-ҳунарлар билан шуғулланишлари учун барча шароитлар муҳайё. Аёллар эҳтироми учун алоҳида саналар: “Оила йили”, “Аёллар йили” каби йил номлари кўп болали аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиниши, ҳар йили 8-мартни халқаро хотин-қизлар куни сифатида дам олиш куни деб эълон қилиниши ва ҳукуматимиз томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг барчасида аёлларимизга алоҳида имтиёзлар берилаётгани, динимизда улуғланган аёлларга муносиб эҳтиромдир.

Мамлакатимизнинг фаровонлиги ҳар жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ экан. Яратган уларни ўз ҳифзи ҳимоясида сақлаб, уларга бахтли ҳаётни насиб қилсин.

Дин ишлари бўйича қўмита
ходими - Ҳусанбой Қирғизов