Ушбу икки асарнинг ўзбекча таржимаси XX асрнинг 70-йилларида илк бор нашр этилган бўлиб, бугун уларни топишда нафақат оддий ўқувчи, балки мутахассислар ҳам катта қийинчилик сезаётганди.

Марказий Осиёдаги хайрли ўзгаришлар, жумладан, ўзбек ва тожик халқларини бир-бирига боғлаб турган азалий дўстлик ришталарининг жадаллик билан тикланиб бораётгани икки мамлакат ўртасидаги илмий, жумладан, адабий ҳамкорликни кенгайтиришга янги имкониятлар яратаётир. Бу борада Президентимиз томонидан барчамизга сабоқ бўлишга арзирли янги-янги ташаббуслар кўрсатилмоқда. Жумладан, 2018 йил 9-10 март кунлари давлатимиз раҳбарининг қардош Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи чоғида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий ўртасидаги мустаҳкам дўстликнинг рамзий ифодаси сифатида икки буюк адибнинг бир-бири ҳақидаги қимматли фикрларини ўзида мужассамлаштирган ўзбек, тожик ва рус тилларидаги “Жомий ва Навоий” китобининг қўшни мамлакат раҳбари Эмомали Раҳмонга тақдим этилгани ҳам ўзбекистонлик, ҳам тожикистонлик тадқиқотчилар учун ибрат бўлди.

Умумбашарий цивилизация зарварақларидан ўрин олган, улкан адабий мерос қолдирган алломалар форс-тожик адабиётида кўплаб топилади. Форс-тожик адабиёти умуминсоний қимматга молик маданий-маънавий хазинага беназир ҳисса қўшган Саъдий Шерозий жаҳон адабиётида ўчмас из қолдирган шундай буюк мутафаккирлардандир.

Умумбашарий цивилизацияга қўшган беназир ҳиссасининг эътирофи сифатида 21 апрель ЮНЕСКО томонидан “Буюк форс шоири ва гуманисти Шайх Саъдий Шерозийни хотирлаш куни” деб эълон қилингани бежиз эмас. Зеро, адиб ижодини бошидан охиригача бир шодага айлантирган мавзу – инсон, унинг қувончу ташвишлари, бахту саодатию дарду аламлари, камолотию тубанлиги сабаблари бўлиб, уларнинг барчаси, сўзсиз, туганмас ва доимо барҳаёт мавзулардир.

Саъдий Шерозий ижодининг маҳсули дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилингани унинг аҳамияти нечоғли юқорилигидан далолат беради. Мутафаккир асарлари таржимаси ҳақида сўз кетганда, Шоислом Шомуҳамедовнинг Саъдийга хос бетакрор руҳиятни сақлаб қолган, яъни барчага маълум ҳақиқатни шоир форсчада баён этганидек юксак назокат ва фусункор шаклда ўзбек тилида ифодалай олганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дарҳақиқат, Ш.Шомуҳамедов ўзбек илм-фани ва адабиётида чуқур из қолдирган серқирра мутафаккирлардан эди. Ушбу фикрнинг исботи сифатида Шоислом Шомуҳаммедов қалами остидан чиққан илмий тадқиқотлар, таржима ва бадиий асарларнинг жами адади олти юздан ортиқлиги ҳамда форсчадан қилинган таржималар нашрининг умумий сони бир миллиондан ошганини эслатиш мумкин. Бу борада гап кетганда, шубҳасиз, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарлари таржимасини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги зиддиятларга тўла замонда Саъдий адабий мероси каби ҳикматли маърифий манбаларга бўлган эҳтиёж мисли кўрилмаган даражада ошди. “Оммавий маданият” деб номланаётган қаттол маънавий таҳдид кундан-кунга кучайиб бораётган ҳозирги шароитларда инсон тафаккурини ҳақиқий маърифат инжулари билан бойитиш учун “Гулистон” ва “Бўстон”дек дидактик асарларга қайта-қайта мурожаат қилиш ҳаётий заруратга айланмоқда. Бироқ, ушбу икки асарнинг ўзбекча таржимаси XX асрнинг 70-йилларида илк бор нашр этилиб, бугун уларни топиш амримаҳол бўлиб қолгани ҳам сир эмас. Ҳатто мазкур нодир асарларнинг ўзбекча таржимасини топишда нафақат оддий ўқувчи, балки мутахассислар ҳам катта қийинчилик сезмоқда.

Энди бу муаммоларга ҳожат қолмади. Гап шундаки, Саъдий Шерозий ижодининг гултожларидан саналмиш “Гулистон” ва “Бўстон” асарларининг ўзбекча таржимаси ҳамда "Саъдий феномени" китоби Москвада нашр этилди. “Гулистон” шеърларни форсчадан Ғафур Ғулом билан Шоислом Шомуҳамедов, наср қисмини Рустам Комилов таржима қилган. Шерозий шеъриятидан – “Бўстон”ни форсийдан Халқаро Фирдавсий мукофотининг лауреати Шоислом Шомуҳамедов ўзбек тилига ўгирган. Ушбу хайрли ишни Алишер Шомуҳамедов, Зоҳидулло Мунавваров ҳамда Сардор Мирзажонов амалга оширдилар. 

Ушбу нодир асарлар ўзбекча таржимасининг янги нашрлари китоб жавонингиздаги сара асарлар қаторидан ўрин олишига шубҳа йўқ.

 

Манба: ЎзА

ДИҚ Матбуот хизмати