I халқаро “Зиёрат туризми” форуми

 

     Бухоро уч минг йилдан зиёдроқ тарихига эга бўлиб, қадимдан илм-фан ва маданият маркази сифатида тарифи бутун дунёга ёйилган ҳамда жаҳон тамаддунига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган шаҳар ҳисобланади. 21 -23 февраль кунлари бўлиб ўтадиган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми Бухоро вилоятининг сайёҳлик имкониятларини намоён этиш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишда катта аҳамият касб этади.Айни пайтда ташкилий ишлар олиб борилмоқда.

    Форум доирасида туризм соҳасида янги йўналишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилади, хорижлик меҳмонлар ва туризм тармоғида фаолият юритаётган ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказилади.

     Нуфузли анжуманга Индонезия, Малайзия, Миср, Покистон, Қозоғистон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Сингапур, Озарбайжон, Туркия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Жанубий Африка каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг 100 дан зиёд вакили ташриф буюриши кутилмоқда. Улар орасида соҳа мутахассислари, сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли олимлар ва бошқалар бор.

    Зиёрат туризмининг ўзига хос талаблари бор. Шуни инобатга олиб, анжуманнинг ислом динига эътиқод қилувчи қатнашчиларига тегишли қулайликлар, масалан, ибодат амалларини амалга ошириш бўйича зарур қулайликлар ҳам назарда тутилган.

Анжуман доирасида форум қатнашчиларининг Бухоро шаҳридаги қадимий меъморий ёдгорликлар билан танишуви ҳам ўрин олган. Шубҳасиз, бу ташриф уларнинг аждодларимиз ақл-заковати билан яратилган ноёб осори-атиқалар, Буюк ипак йўлидаги йирик туризм маркази – “Шарқ дурдонаси” сифатида эътироф этилган муқаддас шаҳар ҳақидаги тасаввурларини янада бойитади.

Бухорода илк бор ташкил этилаётган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми қатнашчилари муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади.

 

Матбуот хизмати