Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида талабалар билан маънавий-маърифий ва тарбиявий-профилактик учрашув бўлиб ўтди. 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Н.Абулҳасан, Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, генерал-полковник З.Алматов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Б.Ходиев ва бошқалар ёшлар қалбида Ватанимиз тақдири, келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳиссини ошириш, ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга йўналтирилган тарғибот ишларининг аҳамияти юксак эканини таъкидлади. 

Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашда ҳуқуқ-тартибот органлари, жамоатчилик ташкилотлари, таълим муассасалари, кенг жамоатчилик ҳамкор, ҳамфикр бўлиши кераклиги қайд этилди. 

Тинч ва осуда ҳаёт инсонни фаровон ҳаёт кечиришга, жамият учун фойдали ишлар қилишга ундайди. Бу неъматни асраб-авайлаш, ўз олдимизга қўйган эзгу мақсадлардан чекинмай, турли зарарли одатлар ва алдовларга учмай ҳаёт кечириш ҳар биримизнинг энг муқаддас бурчимиз экани айтилди. 

Маънавий-маърифий тадбирда Ватанни мадҳ этувчи, тарбиявий аҳамиятга эга куй-қўшиқлар ижро этилди. 

 

Б.Мелиқулова, ЎзА​​