Аввал хабар берганимиздек, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бинтин таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси мазкур давлатга хизмат сафари билан бўлиб турибди.

     Айни кунларда, Делегация Саудияда Ҳаж тадбирларини ташкил этишга масъул бўлган идора ва ташкилотлар билан Жидда, Макка ва Мадина шаҳарларида учрашувлар ўтказмоқда.

      Кеча, 21 январь куни Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра вазири Муҳаммад Солиҳ бин Тоҳир Бинтин билан учрашуви бўлиб ўтди.

     Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Жумладан, муқаддас динимизга, хусусан, Ислом маърифатига берилаётган юксак эътибор ва эҳтиром ҳақида тўхталар экан, айниқса, аждодлар меъросини ўрганиш, уларда инсонпарварлик, бағрикенглик ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш, диний соҳада етук малакали мутахассисларни етиштириб чиқариш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактабининг ташкил этилганини алоҳида қайд этди.

        Ўз навбатида, Саудия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, диний-маърифий соҳадаги ўзгаришлар, аждодлар меъросини ўрганиш борасида илгари сурилаётган эзгу ташаббуслар таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.

     Шунингдек, мазкур учрашувда томонлар ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалаларини муҳокама қилишди.

        Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон томонининг ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириши, зиёратчиларга қулай шароит яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматларини юқори баҳолаб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Малайзия, Индонезия давлатлари қаторида эканлигини таъкидлади.

        Учрашув якунида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ҳаж делегацияси шарафига зиёфат ташкил этилди.

          Ўзбекистон Ҳаж делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи давом этмоқда.

ДИҚ Матбуот хизмати