Бугунги кунда юртимизда туризмини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Дунёга машхур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, мехмонлар учун барча керакли шарт шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини ўрганган холда уни юқори даражаларга олиб чиқиш ва туризм брендини яратиш бўйича кўплаб таклифлар ва лойихалар кўриб чиқилмоқда ва ишланмоқда. Шу жумладан, кўплаб уламолар, донишмандлар ва мўтабар зотлар етишиб чиққан ва жахонга машхур қадамжолар ва зиёратгохларга эга мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро зиёратчиларни жалб этиш йўлида кўплаб залворли ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 7–14 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Малайзиянинг “Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти” ташаббуси билан “Hilal travel” сайёҳлик ташкилоти ҳамкорлигида ҳамда бевосита Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари бўйича қўмитаси ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида зиёрат туризми йўналишида “Нақшбанд туризм фестивали – 2018” номли халқаро тадбир ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу ҳалқаро фестивал доирасида 18 давлатдан 170 яқин мехмонларнинг ташрифи кўзда тутилган (Жумладан, Малайзия, Индонезия, Туркия, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой, Хиндистон, Австралия, АҚШ, Замбия давлатларидан). Қувонарлиси, улар орасида кўплаб жахонга машхур олимлар хам бор. Айтиш жоизки, бугунги кунда дунё хамжамиятининг Ўзбекистондаги зиёрат туризмига, хусусан, кўхна шахарларимиз ва юртимиздан етишиб чиққан фозилу уламолар, донишмандлар, машойихлар хаёти ва асарларини ўрганишга ва ўз кўзи билан кўришга қизиқиши нихоятда баланд. 

Зиёрат дастури доирасида меҳмонлар Тошкент шахрида кутиб олиниб, Бухоро шахрига авиақатнов орқали жўнаб кетишади. Бухоро шахрида "Етти пир" номи билан машхур бўлган Хазрат Абдухолиқ Ғиждувоний, Хазрат Хўжа Ориф Ревгарий, Хазрат Хўжа Махмуд Анжир Фағнавий, Хазрат Мухаммад Баҳоуддин Нақшбандий, Хазрат Хўжа Бобоий Сомосий, Хазрат Хўжа Али Ромитоний ва Хазрат Абул Хафс Кабир хамда Хазрати Сайид Амир Кулол зиёратгох-мажмуаларини зиёрат қилишади. Бундан ташқари, меҳмонларнинг Мир Араб Олий мадрасасига ҳам ташриф буюриши ва мадраса фаолияти билан яқиндан танишиши фестивал дастуридан ўрин олган. 

Ислом динининг қуввати деб таърифланган кўхна Бухоро шахридаги зиёратлардан сўнг, мехмонлар рўйи замин сайқали - Самарқанд шахрига йўл олишади. Темурийлар пойтахтида зиёратчилар Хазрати Имом ал Бухорий мажмуасига, Хазрати Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор хамда Шохи Зинда мажмуаларини зиёрат қилишади. 

Самарқанддан меҳмонлар Тошкентга йўл олиб, пойтахтда Хазрати Имом мажмуасига ва Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига ташриф буюришади. Шундан сўнг, Ўзбекистонда илк бор Қўръони Карим-Мусҳафи шариф чоп этилаётган “Хилол-нашр” нашриёти-матбааси фаолияти билан танишиш ва  Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” номидаги масжид худудига ташриф буюриш режалаштирилган. 

Умид қиламизки, «Hilal travel» туристик ташкилоти томонидан ташкиллаштирилаётган зиёрат туризми йўналишидаги ушбу халқаро тадбир юртимизда зиёрат туризмининг ривожига хизмат қилади ва яқин кунларда бунданда кўп халқаро зиёратчиларни юртимизга жалб этишда ўз ҳиссасини қўшади.