ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК: ЎЗБЕКИСТОН ВА АҚШ ТАЖРИБАСИ

 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида 17 сентябрь куни «Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

 Мазкур тадбир АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк бошчилигидаги делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди. Унда делегация аъзолари, АҚШнинг Глобал ҳамкорлик институти, мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари мутасаддилари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессиялар вакиллари иштирок этди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу ислоҳотлар негизида сиёсий ва иқтисодий модернизация, яъни Ўзбекистонни замонавий давлатга айлантириш ғояси ётганини таъкидлади. 

 Замонавий давлатга айланиш инсон ҳуқуқларини таъминлашни назарда тутади. Чунки ҳеч бир жамиятда барқарор ривожланишга диний эркинликни таъминламасдан эришиб бўлмайди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликни таъминлаш борасида АҚШ билан тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2017 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳиднинг мамлакатимизга ташрифи доирасида диний эркинлик соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар “Йўл харита”си ишлаб чиқилди. Ушбу анжуман ҳам мазкур “Йўл харитаси”га мувофиқ ўтказилмоқда.

  Кейинги пайтда интернет сайтлари, турли ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда диний эркинликни ҳар хил талқин қилиш ҳолатлари учрамоқда. Бундай чиқишларнинг аксарияти ёшларга тегишли бўлиб, улар диний таълим олиш, ибодатларни бажаришда эркинликни талаб қилиб ўз фикр ва қарашларини билдирмоқда. Юртимизда диний эътиқод эркинлиги таъминлангани, диний таълим муассасалари фаолият юритаётгани, турли миллат ва элат, дин ва конфессия вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик соҳадаги сиёсати натижаларидир.

 Мамлакатимизда сўнгги вақтларда бу борада улкан ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари бундан бир йил муқаддам БМТ минбаридан туриб исломнинг дунё миқёсидаги ўрнига, аждодларимизнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссасига юксак баҳо берди ҳамда “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция ва БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди.  Жорий йилда Президентимиз фармони билан Тошкент ислом университети Ўзбекистон халқаро ислом академиясига айлантирилди. Бу диний соҳада ўрта махсус билим юртлари, Тошкент ислом институтидан кейин академия даражасида диний таълим олиш имконини беради. Айни пайтда академияда Ўзбекистон билан бирга олтида хорижий мамлакат ёшлари таҳсил олмоқда.

 Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ва бошқалар мамлакатимизда виждон эркинлиги таъминланаётгани, миллий ва диний қадриятлар эъзозланаётгани самарасида миллатлараро ва диний конфессиялараро бағрикенглик, аҳиллик муҳити қарор топганини алоҳида таъкидлади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилаётгани, Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ижроси, шунингдек, зиёрат туризми бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

 Мамлакатимизда эътиқод қилувчиларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш, диний эътиқодни фуқаролар ёки уларнинг қонуний бирлашмаларининг шахсий иши деб билиш, барча учун тенг ҳуқуқ ва эркинликларни кафолатлаш, динга сиғинадиган ва сиғинмайдиган фуқароларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик каби нормалар қонуний жиҳатдан мустаҳкамланган.

 Давра суҳбатида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Митрополит Викентий, Ўзбекистондаги Рим-католик черкови епископи Е.Мацулевич, Яҳудийлар диний жамоаси рахбари А.Исахаров, баҳоийлар жамоаси рахбари Т.Клеменова, Кришнани англаш жамоаси рухонийси И.Закиров юртимизда барча миллат ва элат вакилларининг диний эҳтиёжларини таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилгани, Ўзбекистонда динга эътиқод қилувчилар Қурбон ва Рамазон ҳайити ва бошқа диний байрамларни эмин-эркин нишонлаётганини, диний эркинлик соҳасида ҳеч қандай чекловлар ва низолар йўқлигини таъкидлади.

 – Ўзбекистонда бундан 17 йил аввал бўлганман, – деди АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича элчиси Сэм Браунбэк. – Орадан шунча вақт ўтиб мамлакатингиз қандай ривожланиш ва ютуқларга эришганини кўрдим. Ташриф давомида қатор мутасаддилар билан мулоқот ўтказдим. Юртингиздаги ҳар бир ютуқ АҚШда катта қувонч билан қабул қилинмоқда. Биз Ўзбекистон билан бошқа соҳалар қатори диний масалаларда ҳамкорликни изчил ривожлантирамиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи чоғидаги учрашувларнинг мантиқий давоми бўлган музокараларимиз Ўзбекистон ва бутун Марказий Осиё минтақасида диний эркинлик борасидаги ишлар тўғри йўлда эканидан далолат беради. 

 Анжуманда мамлакатимизнинг хорижий диний ташкилотлар билан ҳамкорлиги кенгайиб бораётгани, турли делегациялар ташриф буюраётгани, кўпмиллатли жамиятда динлараро тотувликка эришиш демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантиришга оид музокаралар амалий тус олгани таъкидланди.

 Зеро, миллатлараро тотувликни ва диний бағрикенгликни таъминлаш мақсадида жамиятни ислоҳ қилишнинг асосий устувор йўналиши фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ва ирқ, жинс, миллат, тил, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, дини, шахсий ёки ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ва ҳимоя қилишдан иборат.

 Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ва АҚШнинг Глобал ҳамкорлик институти ўртасида меморандум имзоланди.

 АҚШ делегацияси шу куни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида бўлиб, икки томонлама музокаралар ўтказилди.

                                                                                                                                                                                                                  Дин ишлари бўйича қўмита 

                                                                                                                                                                                                                  матбуот хизмати

Кабул кунлари

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 239-17-63

Регламент


Ягона телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як

СЎРОВНОМА

Сайт хакидаги фикрингиз кандай?