МАДРАСАЛАРДА ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ

16 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом билим юртларида “16 ноябрь — Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган “Диний бағрикенглик тамойиллари — ёшлар талқинида”, “Ўзбек халқи бағрикенг халқ”, “Динлараро бағрикенглик – тараққиётимиз кафолати”мавзуларида илмий-амалий давра суҳбати ўтказилди.

Республикамизда 16 конфессияга мансуб 2038 та диний ташкилотлар  фаолият юритмоқда. Мустақиллик йилларида юзлаб черков, синагога ва ибодат уйлари барпо этилди, таъмирланди. Улар қаторида Тошкент, Самарқанд, Навоийдаги православ ибодатхоналари, Тошкент шаҳридаги католик костёли, Самарқанддаги Арман-апостол черкови, Тошкентдаги Будда ибодатхонасини қайд этиш мумкин.
Мазкур суҳбатда 1995 йил 16 ноябрда ЮНЕСКО халқаро ташкилоти “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” қабул қилиниб, Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этганлиги ҳамда  ҳар йили 16-ноябрь бағрикенглик куни сифатида кенг нишонлаб келинаётганлиги ҳақида батафсил тушунчалар берилди.
Бугунги кундаги диний низолар, бегуноҳ инсонларнинг қатл этилиши, ёш гўдаклар, аёллар ва кексаларга кўрсатилаётган тажовузкарона муносабатлар, масжид ва ибодатхоналарнинг вайрон этилишининг сабабларидан бири-ўзаро диний бағрикенгликнинг мавжуд эмаслиги расмлар асосида намойиш қилингани йиғилганларни яна бир бор огоҳликка чақирди.
Шу билан бирга Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатиши, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозимлиги, диний бағрикенглик ҳамиша диний заминдаги адоватга қарши ўзига хос қалқон вазифасини ўтаганлиги ҳақида айтиб ўтилди.
Талабаларга Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир неча моддалари жумладан, 18-31-моддаларидаинсонлар учун бошқа эрк ва ҳуқуқлар қаторида виждон эркинлиги, динга эътиқод қилиш ёки қилмаслик эрки кафолатланганлиги тўғрисида тушунчалар берилди.
Илмий-амалий давра суҳбатида Ўзбекистон фуқароларининг виждон эркинлиги ва дин эркинлиги соҳасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, турли миллат ва дин вакиллари орасида тотувликни мустаҳкамлаш, миллатлар ва динлараро муомала маданияти, умуминсоний қадриятларга ҳурматни шакллантириш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши, Ўзбекистондан етишиб чиққан алломалар ижодида диний бағрикенглик тамойилларининг ёритилиши талабалар томонидан кенг талқин этилди.
Суҳбат якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.