Марказ вазифалари бир неча йўналишда илмий-тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган. Бу йўналишлар энг аввало ҳадисшунослик йўналиши. Бу борада Марказий Осиёда катта тажриба тўпланган. Юзлаб, минглаб ҳадисшунослар ҳадисларни ўрганиш, уларнинг санадини ва саҳихлигини аниқлаш бўйича ўзига хос тажриба тўплашган. Бу тажриба кейинги 200 йил ичида йўқотилди. Чунки, мустамлакачилик даврларида ҳадисшунослик тажрибалари йўқотилган, айрим эътиқодли мусулмонларгина тафсир, шариат асосларини ўрганиш билангина чегараланиб қолишган эди. Марказ тадқиқотчилари олдида йўқотилган ҳадисшунослик тажрибаларини ва анъаналарини тиклашдек масъулиятли вазифа турибди. Бу вазифани адо этиш учун халқаро тажрибалардан фойдаланиши лозим бўлади. Ходимларимизни бу соҳада катта тажрибага эга мамлакатларга илмий стажировкаларга юбориш, халқаро семинарлар, давра суҳбатлари, конференция ва симпозиумлар ўтказишга тўғри келади. Марказда ҳадисшунослик билан бир қаторда, қуръоншунослик, тафсиршунослик, тасаввуф йўналишларида ҳам тадқиқотлар олиб борилади. Бу тадқиқотчилардан араб тили қоидаларидан яхши хабардор бўлишни талаб қилади, шу сабабли илмий ходимларга араб тили қоидалари бўйича дарслар ташкил этилади. Тадқиқотчилар исломшунослик соҳасидаги тадқиқотларни муваффақиятли амалга оширишлари учун уларни юртимиз тарихи, манбашунослик, мантиқ ва фалсафа фанлари соҳасидаги билимларини ҳам чуқурлаштиришга тўғри келади.